Қораўзак ва Тахиатош туманларига ҳокимлар тайинланди
Жамият
−
07 Август
3508Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош ва Қораўзак туманларига янги ҳокимлар тайинланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 7 август куни халқ депутатлари Қораўзак туман Кенгашининг навбатдан ташқари 86-сессиясида Қораўзак тумани ҳокими лавозимига Анвар Махсетович Баймуратовни тайинлаш масаласи кўриб чиқилган ва у лавозимга тайинланган. Анвар Баймуратов тайинловга қадар Қораўзак тумани ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.
Шунингдек, халқ депутатлари Тахиатош туман Кенгашининг навбатдан ташқари 80-сессиясида Камилжан Курбанбаевич Айтбаев туман ҳокими лавозимига тайинланди.
Айтбаев фаолияти давомида Амударё тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар ва савдо вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи, Хўжайли тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.
Тайинловга қадар Камилжан Айтбаев Амударё тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 август куни Фурқат, Тошкент, Мингбулоқ туманлари ва Ғозғон шаҳрига янги ҳокимлар тайинланганди. Мазкур ҳудудларнинг олдинги ҳокимлари, хусусан, Тахиатош ва Қораўзак туманлари ҳокимларини ҳам ишдан олиш бўйича Бош вазир Абдулла Ариповнинг таклифи 17 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида қўллаб-қувватланганди.
LiveБарчаси