Қорақалпоғистонда шамол электр станциялари ва саноат корхоналари қурилиши бошланди
Жамият
−
19 Август
3968Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станциялари ва саноат корхоналари қурилиши бошланди, савдо мажмуалари ишга туширилди. Президент Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан ўтказилган маросимда қатнашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Сўнгги беш йилда саноат, тадбиркорлик ва инфратузилма соҳаларида 50 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган. Хусусан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистонда жорий қилинган. Қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларга инфратузилма ҳам тортиб берилмоқда", дейилади хабарда.
Билдирилишича, имтиёзлар ҳисобига ўтган даврда тадбиркорлар ихтиёрида 2 триллион сўмдан зиёд маблағ қолган. Ҳудудда ишбилармонлик инфратузилмасини яхшилаш учун 44,5 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Натижада охирги йилларда 25 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти пайдо бўлган.
"Биргина ўтган йилда 345 миллион долларлик 1 минг 400 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида 730 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди".
Қайд этилишича, сўнгги йилларда 2 миллиард доллар инвестиция ҳисобига қуввати 2,6 гигаватт 10 та қуёш ва шамол станциялари ишга туширилган. Йил якунига қадар қўшимча 1,5 гигаватт қувватлар тармоққа уланиб, “яшил” энергия улуши 15 фоизга етказилади. Бундан ташқари, умумий қиймати 19 миллиард доллар бўлган 18,6 гигаваттли 32 та “яшил” лойиҳа амалга оширилмоқда.
Президент бунда Қорақалпоғистон Республикасининг ҳиссаси катта эканини таъкидлади. Нуфузли тадқиқот институтлари ҳисоб-китобларига кўра, Қорақалпоғистонда 680 гигаватт қуёш, 120 гигаватт шамол энергияси салоҳияти бор.
2030 йилга қадар Қорақалпоғистонда 11 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига, жами 10,3 гигаватт қувватга эга 10 та йирик шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Бу лойиҳалар тўлиқ ишга тушиши ҳисобига йилига 35 миллиард киловатт соат “яшил” энергия олинади.
"Қувват узатишда барқарорликни таъминлаш учун Қўнғирот, Беруний ва Қораўзак туманларида жами 400 мегаваттли 3 та электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилади.
Бугун ушбу лойиҳаларнинг бир нечтаси бўйича қурилиш ишлари бошланмоқда. Биринчиси, Хитойнинг “Sany Renewable” компанияси томонидан Қўнғирот туманида қуриладиган қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик, 1 гигаватт қувватли шамол электр станцияси. Иккинчиси, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда Беруний ва Қораўзак туманларида ташкил этиладиган қиймати 250 миллион долларлик 100 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизимига эга 200 мегаватт қувватли шамол электр станцияси", дейилади хабарда.
Таъкидланишича, келгусида уларда йилига 4 миллиард 200 миллион киловатт соат ёки 1 миллион 750 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг “яшил” энергия ишлаб чиқарилади. Натижада қарийб 1,3 миллиард метр куб табиий газ тежалади ва атмосфера зарарланиши қарийб 2 миллион тоннага қисқаради.
Аҳамиятлиси, бу билан бир пайтда Қўнғирот туманида шамол турбинаси қисмлари, миноралари ва парракларини ишлаб чиқариш бўйича корхоналар қурилиши ҳам бошланмоқда. Натижада йилига 1 000 мегаватт қувватли шамол турбина қисмлари ва 120 та минорани ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиб, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланади.
Бундан ташқари, Нукус туманида 24 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 20 миллион дона иситиш радиаторлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шаҳар ва туманларни обод қилиш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш масалалари ҳам эътиборда. Шу кунларда саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 62 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Маросимда улардан иккитаси – Беруний тумани ва Нукус шаҳридаги йирик савдо мажмуалари очилди.
Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, янги иншоотларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди. Барчани мамлакатимиз иқтисодиётида катта аҳамиятга эга ушбу лойиҳалар билан табриклади.