Қорақалпоғистонда журналистлар нега ярим тунда прокуратурага олиб кетилди?
Жамият
−
27 Июль 2020
15592Жорий йилнинг 25 куни ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Норасмий маълумотларга таяниб, бир нечта расмий ОАВ ҳам бу хабар эълон қилинди. Аммо кўп ўтмай бу хабарлар рад қилинди.
Ҳаммаси шу билан тугамади. Ўша куннинг ўзида Муса Ерниязов вафот этгани ҳақида хабар тарқатган расмий интернет сайтлари “Makan.uz”, “kruz.uz” ва “kar24.uz” муҳаррирлари тунда прокуратурага олиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Муҳаррирлар прокуратурада сўроқ бўлганини айтган. Бу эса жамоатчиликнинг муҳокама мавзусига айланди.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон прокуратураси ҳолат бўйича расмий баёнот билан чиқди.
Унда таъкидланишича, бундай уйдирма хабарлар ким томонидан тарқатилганини аниқлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул шахслари томонидан “Makan.uz” cайти муҳаррири Л.Каллыханова, “kruz.uz” сайти муҳаррири И.Юсупов, “kar24.uz” сайти муҳаррири Қ.Бегниязова билан профилактик суҳбат ўтказилган.
Профилактик суҳбат чоғида прокурор ёки ички ишлар ходимлари томонидан журналистларга ҳеч қандай босим ёки тазйиқ ўтказилмаган.
Ҳозирги вақтда Муса Ерниязов шахсига тааллуқли нотўғри маълумотлар тарқатилиши ҳолати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.