Қорабоғдаги можарони қачондир тугатишимиз керак – Путин 30 йил деганда Қорабоғдаги жанжални тўхтатиш ҳақида гапирди
Олам
−
31 Октябрь 2022
6150Россия Президенти Владимир Путин бугун, 31 октябрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан яккама-якка учрашув ўтказди. Учрашувни очаркан, Путин, Тоғли Қорабоғдаги можаро кўп йиллардан буён давом этаётгани, унга барҳам бериш пайти келганини айтди.
“Бу можаро бир неча ўн йиллардан бери давом этиб келмоқда, шунинг учун биз уни қачондир тугатишимиз керак”, дейди Россия давлати раҳбари.
Путин Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари иштирокидаги уч томонлама саммитда Тоғли Қорабоғ масаласини ҳал қилиш йўлида қадамлар қўйилишига умид қилмоқда.
“Бунинг учун сизда сиёсий ирода борлигини биламан ва биз буни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Биз сиз билан ҳозир, кейин эса уч томонлама форматда олдинга силжишимизга имкон берадиган асосий нуқталарни топишимиз керак”, дейди Путин.
Унинг таъкидлашича, Тоғли Қорабоғдаги можаро каби жиддий, узоқ вақтдан бери давом этаётган муаммони ҳал қилиш учун катта куч сарфлаш керак.
“Аслида, биз бу мунозарани Остонада уч марта учрашганимиздаёқ бошлаган эдик”, дейди у ва бу саъй-ҳаракатлар ҳали ҳам етарли эмаслигини таъкидлаб.
Президент Арманистон томони ташаббуси билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтганини эслатди.
“Биз ҳамкасбларимизнинг Арманистон-Озарбайжон чегараси ва Қорабоғ атрофида содир бўлаётган воқеаларга ёндашувларини кўриб турибмиз”, дейди Путин.
Россия раҳбари қуролли можарога барҳам бериш жараёнида қандай келишувларга эришилганини эслади.
“Кейин биз ҳаммамиз энг муҳими тинчликни таъминлаш ва Арманистон иқтисодиётини ривожлантириш учун шарт-шароит яратишдан келиб чиқдик, чунки транспорт инфратузилмасини блокдан чиқариш, янги йўналишларни яратиш – бу масалаларнинг барчаси иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш билан боғлиқ. Пировардида, биз айнан шу мақсадда ҳаракат қилмоқдамиз, буларнинг барчаси инсон манфаатлари учун режалаштирилган”, дейди Путин.
Россия Федерацияси Президенти Арманистон қадим замонлардан ҳозирги кунгача Россиянинг стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси бўлиб келганини алоҳида таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Россия учун бу алоҳида ҳолат.
“Умид қиламанки, биз келишув йўлида олға қадам ташлай оламиз”, дея хулоса қилди Путин.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 31 октябрь куни бўлиб ўтадиган учрашувда Путин, Пашинян ва Алиев Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрь, 2021 йил 11 январь ва 26 ноябрдаги уч томонлама келишувларини амалга ошириш, Транскавказда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамларни кўриб чиқишни режалаштирмоқда.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси