Қорабоғдаги “қора доғ”лар. Хўжали қирғинига 33 йил тўлди
Таҳлил
−
27 Февраль
8725Болаларнинг кўзлари ўйилган, ҳомиладор аёлларнинг қорни ёрилган, инсонларнинг бош териси тириклайин шилинган ва бошқа шу каби кўплаб хунрезликлар амалга оширилган, ҳеч ким, ҳатто аёллар, болалар ва кексаларга ҳам раҳм қилинмаган, бегуноҳ аҳоли қирғин тегирмонидан ўтказилган – 26 февраль. Бундан 33 йил илгари Қорабоғдаги юзлаб озарбайжонликлар шундай ваҳшийликлар қурбони бўлганди. Қуйида постсовет давлатлари орасидаги энг можароли минтақада жойлашган шаҳарчанинг қонли тарихини ёдга оламиз. Хўжали қирғини!
Геноцид учун баҳона
Қорабоғ Озарбайжон ва Арманистон ўртасида жуда узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган можаронинг асосий ўчоғи ҳисобланиши кўпчиликка маълум. Совет Иттифоқи парчаланиш арафасида бу ҳудуд учун кураш авжига чиқди. Қорабоғ эса бу жараёнларга қадар Озарбайжон таркибида эди. Аммо ҳудудда арманларнинг этник устунликка эгалиги Ереванда мазкур минтақани эгаллаш учун гўёки бир “асос” сифатида кўрилди. Жумладан, 1926 йилги аҳолини рўйхатга олишга кўра, Совет раҳбарияти томонидан ташкил этилган тоғли Қорабоғ автоном вилояти ҳудудида арманлар аҳолининг деярли 90 фоизини ташкил этган. 1939 йилга келиб ҳам ҳудуддаги этник устунликда деярли ўзгариш бўлмаган. Шу йили навбатдаги рўйхатга олиш ўтказилганда, уларнинг сони деярли 133 минг бўлса, озарбайжонлар 14 мингни ташкил қилган. 1979 йилга келиб эса автоном вилоятдаги озарбайжонлар сони миграция ҳисобига сезиларли даражада ошиб, 38 мингга яқинлашади. Аммо бу пайтда арманларда ўсиш ўрнига пастлаш кузатилиб, уларнинг сони 130 минггача тушди. Бироқ барибир арманлар сон жиҳатдан анча катта устунликка эгалича қолаётганди. Юқорида айтилганидек, бу жиҳат Қорабоғда қон тўкилиши ва унинг таркибидаги Хўжали шаҳрида дунё тарихидаги энг шафқатсиз геноцидлардан бири содир бўлишига йўл очди. Арман сиёсий доиралари ва халқаро майдондаги лоббилари Совет Иттифоқи парчаланиши арафасида ва ундан кейинги илк кунларда ўзининг жиноий режасини амалга оширишга киришди. Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги каби муҳим ва жиддий тушунча эса инобатга олинмади.
Кутилган вазиятнинг етилиши
Аслида, Хўжали қирғинига олиб борувчи йўл 1980 йилларнинг иккинчи ярмида СССРдаги кескин ўзгаришлар старт олган пайтдан бошланган. Ҳокимият тепасига Михаил Горбачёв келганидан сўнг “Ошкоралик” ва “Қайта қуриш” сиёсати эълон қилинди. Илгари сукут сақланган, аммо бутун Совет Иттифоқида маълум бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммолар кенг жамоатчилик олдида ошкор муҳокама қилина бошлади. 1987 йили Қорабоғнинг маҳаллий армани аҳолиси ўзларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволидан норозилик билдириб чиқди. Қорабоғ ва Еревандаги миллатчи кучлар эса бу норозиликдан ўз мақсадларини амалга оширишга шошилди. 1987 йил ноябрда Горбачёвнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси, арман миллатига мансуб бўлган мулозим Абел Аганбегян Францияга ташриф буюрди. У Интерконтинентал меҳмонхонасида бир гуруҳ франциялик арманлар билан суҳбатлашади. Суҳбат жараёнида у Горбачёв гўёки Қорабоғнинг Арманистон таркибига қўшиб олинишига рози экани ҳақида баёнот беради. Франциянинг кундалик коммунистик газетаси “L’Humanité”да чоп этилган бу нутқ дунё оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзусига айланади.
СССР тарқалиб кетиши арафасида Ғарб ва Шарқнинг айрим мамлакатларидаги арман миллатчи жамоалари “Крунк”, “Миасум” ҳамда Арманистонда фаолият олиб борувчи “Қорабоғ” қўмитасига моддий ёрдам бериш кучайтирди. 1988 йилнинг 18 февралида Горбачёвнинг миллий масалани қайта кўришни кун тартибига қўйиши муаммони янада чигаллаштирди. Чунки шу ҳаракатдан 2 кун ўтиб, 20 февралда Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти депутатларининг навбатдан ташқари сессияси иш бошлади. Депутатларнинг 140 нафаридан 110 нафари арманлар эди. Улар кам сонли озарбайжонлик депутатни залга киритмай, Қорабоғни Арманистонга топшириш тўғрисидаги мурожаатномани тайёрлашди. Арманистон томони эса бу мурожаатни қабул қилди. Шундан сўнг вазият борган сари хавотирли тус ола бошлади. СССРнинг парчаланиши яқинлашган сари собиқ мустамлакаларда 70 йил давомида Москва томонидан сунъий тарзда шакллантирилган ҳудудий муаммолар қизий бошлади. Арманистон эса бу жараённи ўз фойдасига буриб юбориш пайида эди. Улар буни амалга ошириш учун қулай пайтни кутарди.
1991 йил 8 декабрда эса шу кун келди. Россия империяси ва ундан сўнг ташкил этилган кейинги тоталитар тузум остидаги барча халқларнинг орзуси ушалди. СССР халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тугатилди. Бунгача эса унинг таркибидаги собиқ мустамлакаларда аллақачон миллий давлатлар ташкил топиб бўлганди. Барча учун байрам бўлган бу кунлар бахтга қарши озарбайжонликлар учун татимади. Чунки 8 декабрдан атиги 2 кун ўтиб, Қорабоғ автоном маъмурияти мустақиллик референдумини ўтказишга қарор қилди. Бу пайтда Қорабоғдаги озарбайжонликлар аҳоли умумий сонининг бор-йўғи 21 фоизинигина ташкил қиларди. Шу боис референдум натижасининг қандай бўлишини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. Кутилганидек, озарбайжонлар иштирок этмаган референдумда “Тоғли Қорабоғ республикаси” эълон қилинди. Чунки референдумнинг якуний натижасига кўра 99,9 фоиз қатнашувчилар “мустақиллик”ка овоз берганди. Озарбайжон ва Қорабоғдаги озарбайжонликларнинг розилиги бир четга сурилган ва ташқи дунё томонидан тан олинмаган мазкур референдум сиёсий тарангликни энг юқори чўққига олиб чиқди. Энди масалани ҳал қилиш учун икки ўртада қуроллардан бошқа нарса қолмади. Қорабоғни эса даҳшатли кунлар кутарди.
Қорабоғдаги қичқириқли тун. Қонга ботган Хўжали
Арманистон Қуролли кучлари 1991 йилнинг охирги кунларида Қорабоғни маҳв этиш ва уни ўзига қўшиб олиш режасини амалга оширишга қатъий киришди. Улар Хўжали ва унинг атрофидаги қишлоқларга олиб борувчи йўлларни эгаллаб олди. 1992 йил 25 февраль оқшомида Собиқ Совет Иттифоқининг 366-мотоўқчи полки ёрдами билан Хўжалига бостириб кирилди. Арманистон кучлари русларнинг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда шаҳарни артиллерия ва танклардан ўққа тутди. Чунки Хўжали Қорабоғ учун курашда энг муҳим объектлардан бири бўлиб, бунинг учун сабаблар етарлича эди. Шаҳарда йирик самолётларни қабул қилиш қобилиятига эга минтақадаги ягона аэропорт мавжуд эди. Бундан ташқари, Хўжали Қорабоғдаги кўплаб бошқа ҳудудларни бир-бири билан боғловчи ўзига хос дарвоза вазифасини ўтарди. Майдони 936 квадрат километр бўлган Хўжали 7 мингга яқин аҳолига эга шаҳар эди. Бироқ бу пайтда анчадан буён давом этаётган можаролар туфайли аҳоли сони 3 мингга камайганди. Шунингдек, Хўжали озарбайжонлар аҳолининг кўпчилигини ташкил этган Тоғли Қорабоғ мухтор вилоятидаги камсонли аҳоли пунктларидан бири эди. Бу ерда асосан озарбайжонлар истиқомат қиларди. Шу боис Қорабоғдаги ўта ваҳший геноцид акти айнан шу ерда уюштирилди.
Арманларнинг босқинчи кучлари 26 февраль тонгги соат 05:00 да шаҳарни тўлиқ эгаллади. Бир кеча ичида қадим тарихга эга Хўжали ер билан яксон қилинди. Қуролланган арман зобитлари қаҳратон қишда жонини сақлаш умидида тоққа қочишга уринган бегуноҳ аҳолини ҳам ўққа тутди. 26 февраль тонггача давом этган қирғин 613 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Шу тариқа, арман босқинчилари томонидан тунда содир этилган жиноят 26 февраль санаси билан инсоният тарихида қора доғ сифатида қолди. Чунки мазкур қатлиомнинг тафсилотлари инсонни жунбишга келтирмай қўймайди.
Хусусан, расмий маълумотларга кўра, шу куни ҳалок этилган 613 кишининг 63 нафари болалар, 106 нафари аёллар ва 70 нафари кексалардир. 487 киши эса Хўжали геноциди чоғида оғир жароҳатлар билан тирик қолган. 1275 киши арман кучлари томонидан асирга олинган. Асирга олинган 150 киши, жумладан 68 аёл ва 26 бола ҳақида ҳали ҳанузгача маълумот йўқ. Янада ачинарлиси шундаки, қатлиом қилинган марҳумларда ўта оғир қийноқ излари мавжуд эди. Геноцид қирғичидан ўтказилган юзлаб бегуноҳ озарбайжонликларнинг 56 нафари ўта оғир қийноқлар билан йўқ қилинган. Баъзилари тириклайин ёқиб юборилган, баъзиларининг бош териси шилинган, кўзлари ўйиб олинган, ҳомиладор аёлларнинг эса қорни ёрилган. Бу қирғинда 8 оила бутунлай йўқ қилиниб, 130 бола отаси ёхуд онасидан, 25 бола эса ҳам отасидан, ҳам онасидан айрилган.
Қочиш орқали ўзини қутқармоқчи бўлган аҳолининг бир қисми олдиндан қўйилган пистирмаларда ўлдирилди. Россия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Мемориал” марказининг маълумотига кўра, тўрт кун мобайнида Хўжалидан Ағдамга 200 нафар кишининг жасади келтирилган, ўнлаб мурдалар устидан таҳқирлаш фактлари қайд этилган. Ағдамда 181 жасад (130 нафар эркак ва 51 нафар аёл, шу жумладан, 13 нафар бола) суд-тиббий экспертизадан ўтказилган. Экспертиза давомида 151 нафар кишининг ўлимига ўқдан яраланиш, 20 кишининг ўлимига осколка жароҳати, 10 кишининг ўлимига қаттиқ буюм билан зарба бериш сабаб бўлгани аниқланган. Ҳуқуқий ҳимоя маркази томонидан тирик одамларнинг терисини шилиш фактлари ҳам қайд этилган.
Ушбу қонли ҳодисага гувоҳ бўлган, оиласидан фақат гўдак қизи ва тўрт ёшли ўғлинигина қутқариб қолган она кўзида ёш билан Хўжалининг қалбни ларзага келтирадиган тарихини шундай ҳикоя қилади:
“Одамлардан, ҳатто, ов милтиғини ҳам тортиб олишди. Бизда ўзимизни ҳимоя қилиш учун ҳеч қандай имконият йўқ эди. Фақат турмуш ўртоғим қуролини беркитишга муваффақ бўлди. Олов ичида ёнаётган шаҳардан Хўжалининг энг чекка қисмига аранг етиб олдик. Кейин таъқиб этаётган жангарилар бизга қарата ўқ узаётганларини кўрдик. Улар бизни ё ўлдирмоқчи, ёки асирга олмоқчи эди. Эрим тўхтаб, уларга қарата ўқ узди. У “қочинглар, сизни ушлаб олишларига йўл берманг!” дея қичқирарди. Оиламизнинг айрим аъзолари ўқ тегиб ерга юзтубан йиқилишди. У жангарилар билан аёвсиз жанг қиларди. Мен икки болам билан ялангоёқ, ялангбош югуриб, қоронғида шох-шаббалар орасига яшириндим. Эримдан узоқлашиб борганим сари унинг “қочинглар, яширининглар, қўлга тушманглар!” деган ҳайқириқлари элас-элас эшитиларди. Биз қочиб қутулдик, у эса қурбон бўлди…”
Дунёни ҳайратда қолдирган жасорат – Озарбайжон Куброси
Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Қорабоғ учун кураш 1994 йилга қадар давом этди. Бу орада эса кўплаб воқеалар, хусусан, озарбайжонликлар томонидан қилинган ва ҳали узоқ йиллар кўпчиликнинг ёдидан сира кўтарилмайдиган тарихий жасоратлар рўй берди. Жумладан, Хўжалида геноцид уюштирилган ўша машъум тундан икки ой ўтиб, Москвадаги “Огонёк” журнали мухбири Константин Смирновнинг “Қўрқув” номли мақоласи чоп этилди. Мазкур мақолада италиялик фотомухбир Энрико Сарси томонидан олинган бир сурат илова қилинганди. Ушбу фотосуратда озарбайжонлик аскар – Нотиқ исмли йигит душманлар қуршовида бўлишига қарамай, Озарбайжон байроғини қўлида маҳкам тутганча уни ерга ташлаш ёки қуролланган арман аскарларига беришдан бош тортгани акс этган. Бу лаҳзалар акс этган суръат ўшанда бутун дунёни лол қолдирган. 1991 йилда 20 ёшида Ватан ҳимоясига кўнгилли равишда қўшилган ва Ағдам шаҳрида Ёқуб Ризаев бошчилигидаги “Қорабоғ лочинлари” батальонида жанг қилишни бошлаган Нотиқ Қосимовнинг жасорати қуйидагича содир бўлганди.
1992 йил март ойида “Қорабоғ лочинлари” батальонидан бўлган 31 кишилик гуруҳ Ағдамнинг Храморт қишлоғи яқинидаги стратегик баландликни эгаллаб олган. Жанг давомида қурбонлар бўлган, қолганлар эса орқага чекинган. Ушбу баландликда жойлашган қадимий албан черковида Нотиқ ўзининг олти дўсти билан қолган. Жуда оғир шароитда қолган Нотиқ ва унинг тирик қолган сафдошларига ёрдам етиб келмаган. Тез орада унинг ёнида қолган барча сафдошлари ҳам ҳалок бўлади. Аммо вазият қўрқинчли нуқтага етганига қарамай, Нотиқ жангни давом эттиради. У беш кун давомида ёлғиз ўзи арман аскарларига қаршилик қилади ва эгаллаб турган позициясини тарк этмайди. Нотиқ босқинчиларга қарши мардонавор қаршилик кўрсатади. Унинг бундай мустаҳкам қаршилиги туфайли, черковда фақатгина бир киши борлиги, биргина инсон билан жанг қилаётгани арман ҳарбийларининг хаёлига келмаганди. Улар черковда бир қанча озарбайжонлик аскарлар қарор топган деб ўйлашган.
Шундай қилиб, 5 кун давомида ёлғиз Нотиққа қарши ҳеч нима қила олмаган арман ҳарбийлари, охир-оқибат, бошқа йўл тутишга мажбур бўлди. Улар асир олинган 20 нафар Хўжали фуқаросини ўлдириш билан таҳдид қилишни бошлади. Бу хабар албан черковига шу асирлар орасида тутқунликда бўлган, Хўжалида мактаб директори бўлиб ишлаган Жафар Жафаров орқали етказилади. Жафар Нотиқнинг олдига келади. Улар ўртасидаги ўзаро суҳбат қуйидагича ўтади.
Жафар Жафаровнинг сўзлари:
“Юқорига қарадим. Тунда намланган уч рангли байроқ секин-секин ҳилпирарди. Байроққа тикилганча йиғладим. У юзтубан ётарди. Яқинлашиб, яраланганми ёки йўқлигини сўрадим. Зўрға жавоб берди: “йўқ, яраланмаганман”. Сув сўради. Сув йўқ эди, шунинг учун бир неча бўлак қуруқ нон бердим. Истамаса ҳам еди. Кейин: “Командирим мени бу ерга олти киши билан юборган. Уч нафарини арманлар ўлдирди, қолганларидан эса хабарим йўқ. Беш кундан бери ёлғизман”, деди”.
Жафар Нотиқдан нега постни ташлаб кетмаганини сўрайди. Нотиқ эса унга шу тариқа жавоб беради:
“Командирга сўз берганман, байроқни ва постни ташлаб кета олмайман. Ёрдам кутдим, лекин келмади”.
Жафар Нотиққа арманларнинг талабини етказади. У эса бу талабни эшитгач, қўлида икки ўқи қолгани ва охиригача курашишини маълум қилади. Шунда Жафар Нотиқдан шу ўқни ўзига отишини илтимос қилиб, ҳеч бўлмаганда унинг ўқидан ўлишни исташини айтади. Нотиқ эса бироз ўйланиб, унга шундай жавоб беради:
“Майли, мен сизни ўлдирдим, лекин ўзим туфайли 20 нафар асирнинг отиб ташланишига қандай рози бўламан?”
Айнан шу лаҳзада Нотиқ қаршиликни давом эттириш ниятидан воз кечади. У 20 нафар озарбайжонлик тутқунлар ҳаёти учун арман томонининг шартига рози бўлади ва ҳавога ўқ узиб душман аскарларини чақиради. Арман аскарлари аввал иккиланиб туради, лекин ўзлари томонидан музокара учун юборилган мактаб директорини кўргач, Нотиқнинг ёнига кела бошлайди. Нотиқ ўзини икки арман аскарига топширади, аммо қўлидаги Озарбайжон байроғини эмас. Улар бу байроқни уни ўлдирибгина тортиб олишлари мумкин эди. Арман аскарлари дастлаб Нотиқнинг 5 кун давомида ёлғиз ўзи жанг қилганига ишонолмайди. Бунга ишониш ҳам қийин эди. Шунинг учун арманлар у жойлашган черковни яна бир бор тинимсиз ўққа тута бошлади. Ичкарида ҳеч ким қолмаганига амин бўлгач, улар карахт аҳволга тушади. Нотиқни эса қўлларида Ватан байроғини маҳкам тутган ҳолда ўзлари билан олиб кетишади. Шу тариқа Нотиқ Қосимовнинг кейинги тақдири номаълумлигича қолди. Баъзи маълумотларга кўра, унинг қаҳрамонлиги арман кучларининг дала қўмондони Виталий Баласанян ва кўплаб арман аскарлари орасида жуда катта ваҳима уйғотган. Шу боис арман қўмондони уни ўта оғир қийноқлар билан ўлдиргани ҳақида тахминлар бор.
Нотиқнинг бу жасорати бундан 800 йил олдин Урганчда Нажмиддин Кубро томонидан қилинган буюк жасоратни ёдга солади. Фақат унда буюк мутафаккир Нажмиддин Кубро 76 ёшида жанг майдонида душман байроғини босқинчилар қўлидан юлқиб олган ҳолатда жон берганди. Бу тарихий жасорат Хоразмшоҳлар давлатига Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар бостириб кирган маҳалда рўй берганди.
Чингизхон Урганчга бостириб кирган пайтда Шайх Нажмиддин Кубро Урганчда бўлган. Шаҳар қамалга олинган, аммо Нажмиддин Кубро номи қадимги Хоразмдан ташқарида ҳам маълум бўлган. Чингизхон у ҳақида жуда ижобий фикрда бўлгани боис шайхга оиласи билан шаҳарни тарк этишни таклиф қилади. Бироқ Кубро қатъиян рад этади ва Ватан учун жанг қилади. У босқинчилар билан жанг чоғида икки бор яраланган. Тарихий маълумотларга кўра, биринчи жароҳатдан кейин Шайх чопон кийиб, яра изларини яширади. Иккинчи жароҳатдан сўнг, Кубро ўз қўли билан кўкрагига қадалган ўқни тортиб олиб, олиб ташлайди. Нажмиддин Кубро курашни давом эттиради. Алишер Навоийнинг ёзишича, у бир ҳамладаёқ мўғул аскарининг қўлидан душман байроғини тортиб олишга муваффақ бўлади. Тарихий маълумотларга кўра, у жони узилиш арафасида ҳам бу байроғини қўлдан чиқармагани, мўғуллар ўз байроғини қайтариб олиш учун Шайхнинг бармоқларини кесишга мажбур бўлишгани айтилади.
Геноциднинг чуқур асорати
Узоқ йиллар мобайнида Қорабоғ Арманистон босқини остида қолди. Бу билан параллел равишда Озарбайжоннинг ҳудудий яҳлитлиги тикланиш жараёни ҳам ортга сурилди. Аммо 2020 йилга келиб, бу адолатсизлик даври якунланди. Шу йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди. Шундан сўнг, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун узоқ йилдан буён кутилган “Қасос” ҳужумини бошлади. Озарбайжоннинг тарихий ерларини қайтариш жараёнида, босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди. 44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси 5 шаҳар, 4 та посёлка ва 286 та қишлоқни Арманистон оккупациясидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди. 2020 йил 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. Кейинги йилларда ҳам озод қилиш жараёни давом этди.
2023 йил 19 сентябрь куни Қорабоғда вазиятнинг навбатдаги кескинлашуви юз берди. Баку "маҳаллий аксилтеррор операцияси" бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. Россия можаро томонларини қон тўкилишини тўхтатиб, дипломатик келишувга қайтишга чақирди. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Россия тинчликпарвар контингенти иштирокида Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси президенти Самвел Шаҳраманян 2024 йил 1 январдан унинг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Аҳолига Баку таклиф қилган реинтеграция шартларини кўриб чиқиш ва қолиш имконияти тўғрисида мустақил қарор қабул қилиш буюрилди.
Аммо Хўжали геноциди дунё тарихида содир этилган бошқа қатлиомлар сингари озарбайжонлар тарихида жуда чуқур яра қолдирди. Хўжали геноциди ҳали ҳам жонли. 2024 йил февраль ойида Хўжали шаҳри марказида олиб борилган йирик реставрация ва қурилиш ишлари доирасида қийнаб ўлдирилган кўплаб жасад қолдиқлари топилгани бунинг исботидир.
Ўшанда ҳолислар иштирокида воқеа жойида топилган суяк бўлаклари кўздан кечирилиб, экспертиза ва лаборатория текширувлари ҳамда бошқа зарур процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун олиб кетилганди. Ҳудуддан топилган инсон жасадлари камида 4 нафар шахсга тегишли бўлиб, улардан бири вояга етмаган, яъни 4-5 ёшли боланики экани тахмин қилинди. Улар энг камида 25 йил муқаддам қийноққа солингани, арқон билан боғлаб тириклайин кўмилгани аниқланган.
Унутилмаган қурбонлар хотираси
1994 йил февралда Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси томонидан Хўжали воқеалари геноцид деб эълон қилинди. Ўша пайтдан бошлаб Хўжали фожиаси инсониятга қарши энг оғир жиноят сифатида кенг миқёсда эсланадиган бўлди. Бугунги кунга қадар 18 давлат ва АҚШнинг 24 штати Хўжали воқеаларини қоралаб, уларни геноцид деб тан олган резолюцияларни қабул қилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг 2010 йил 22 апрелдаги қарорида Хўжалида содир бўлган воқеа уруш жиноятлари ёки инсониятга қарши жиноятлар сифатида баҳоланган. Расмий маълумотларга кўра, Хўжали шаҳрининг Арманистон Қуролли кучлари томонидан ноқонуний босиб олиниши, давлат ва хусусий мулкнинг йўқ қилиниши ва талон-тарож қилиниши оқибатида Озарбайжон давлати ва фуқароларига 170 миллион доллар миқдорида зарар етган. Ҳар йили 26 февраль куни Озарбайжоннинг элчихоналари ва диаспора ташкилотларида хотира маросимлари, анжуманлар ўтказилади.
LiveБарчаси