Қорабоғда 70 кун олдин йўқолган арман аскарлари тирик ҳолда топилди
Олам
−
21 Декабрь 2020
11208Тоғли Қорабоғдаги қидирувлар натижасида 70 кундан кўпроқ вақт олдин ғойиб бўлган олти нафар ҳарбий хизматчи топилди. Бу ҳақда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси президенти Арайик Арутюнян ўзининг Faebook саҳифасида маълум қилди.
“Номаълум жойда 70 кундан кўпроқ вақт давомида қаҳрамонона кураш олиб борган олти нафар аскар уйларига бир неча дақиқа олдин қайтиб келди ва бу қийин кунларда барчамизга қувонч бағишлади”, деб ёзган Арутюнян Facebook’да.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ раҳбари, йўқолганларни қидириш ва албатта, ўликларнинг жасадларини қайтариш бўйича интенсив ишларни давом эттираётган Россия Президенти Владимир Путинга, шунингдек минтақадаги рус тинчликпарварлар кучларига қўмондонлик қилаётган генерал-лейтенант Рустам Муродовга миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон томони ўрмонда адашган арман аскарларини қутқармоқчи бўлган тўрт ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилганди.
Шунингдек, декабрь ойи ўрталарида Озарбайжон ва Арманистон Россия тинчликпарвар кучлари иштирокида асирлар алмаштиришни бошлади.