Акцияга озиш: аёллар ҳаётига таҳдид

Таҳлил

Давримизга келиб, ортиқча вазндан қутулиш шу даражада жиддий масалага айланганки, кўпчилик жонини таваккалда қолдириб, ўзини жарроҳ пичоғига топширмоқда. Оқибатда, соғлиғидан, ёйингки, жонидан айрилганлар ҳам талайгина. Буни ўзингиз ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, гувоҳ бўлиб турибсиз.

Қорин жарроҳлик амалиётлари, ёғ олдириш ва ошқозон кестириш каби соғлик ва чўнтакка зарар келтирувчи ҳолатлар – масаланинг бир томони, холос. Бугун танганинг биз кўтармоқчи бўлган томонида озишнинг тиббий ва моддий жиҳатидан ташқари, қонуний жавобгарлик келтириб чиқарувчи ҳолатлари ҳам акс этади ва ундан жуда кўпчилик, балки сиз ҳам фойдаланасиз.

Гап шундаки, ўзбекистонликлар, айниқса, аёллар вазн ташлаш мақсадида истеъмол қилаётган биофаол қўшимча ва қаҳвалар таркибида мамлакат ҳудудида муомаласи махсус назоратга олинган моддалар, хусусан, сибутрамин мавжуд. Ножўя таъсирлари оқибатида кўпгина давлатларда тақиқланган мазкур модда муомаласи дунё бўйлаб йилдан йилга ошиб бормоқда.

Ўзбекистон аҳолисининг 28 фоизи ортиқча вазнга эга ва бунинг 31 фоизидан кўпроғини аёллар ташкил қилади. Мамлакат бу борада минтақада етакчи. Танадаги ёғлардан осон ва арзон қутулишни истаган ўзбекистонликлар ўзлари билмаган ҳолда тақиқланган модда муомаласига аралашиб қолиб, қонуний жазоларга тортилмоқда. Аммо на илож?! Қонунни билмаслик жазодан озод қилмайди. Агар бу биофаол қўшимча ва ичимликлар фақат қонун олдидаги жавобгарлик билан чекланса-ку, майли. Аммо улар саломатлигимизда ҳам ўчириб бўлмас доғ қолдириши мумкин.

Хўш, қайси қонун ва қонуности ҳужжатлари мазкур модда – сибутрамин истеъмолини чеклайди?

2018-2019 йилларда Ўзбекистон ҳудудида кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний ва нотиббий истеъмоли кескин ошиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида вазиятни ёмонлаштирди. Шундай қилиб, 2019 йилнинг 6 сентябрида “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, кучли таъсир этувчи моддалар назоратининг кучайтирилиши, уларнинг фақатгина рецепт асосида психотроп моддалари мавжуд дорихоналарда сотилиши ва ҳисоби юритилиши, рецептларнинг эса бир йил давомида сақлаб қўйилиши белгиланди. Шунингдек, қарорга мувофиқ, ўша йилнинг 27 сентябрида Вазирлар Маҳкамасининг 818-сонли қарори билан кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати шакллантирилди.

2024 йилнинг октябрида эса мазкур моддаларни тиббиёт амалиётида қўллаш, сақлаш, ноқонуний муомаласини чеклаш, жисмоний шахслар томонидан фойдаланиш ҳамда уларни йўқ қилиш тартибларини белгилаш зарурати туфайли Вазирлар Маҳкамасининг 632-сонли қарори қабул қилинди ва 6 моддадан иборат алоҳида рўйхат шакллантирилиб, уларнинг муомаласи психотроп моддалариникига тенглаштирилди. Ушбу рўйхатдан биз гаплашаётган сибутрамин ҳам жой олган.

Сибутрамин ўзи нима?

Сибутрамин иштаҳани бостирувчи препарат бўлиб, 2010 йилгача семизликни даволаш учун парҳез ва жисмоний машқлар билан биргаликда қўлланилган. Бироқ унинг юрак-қон томир касалликлари ва инсульт билан боғлиқлиги аниқлангач, дунёнинг кўпгина давлатларида мазкур модда эркин бозордан чиқариб ташланган.

Сибутрамин истеъмоли оқибатида оғиз қуриши, парадоксал равишда иштаҳанинг ошиши, кўнгил айниши ва ғалати таъм сезиш, қорин оғриғи ва қабзият, уйқусизлик, бош айланиши ва бош оғриғи, юз қизариши ёки мушак оғриғи содир бўлади.

Шунингдек, бир қанча кам учрайдиган, аммо жиддий ножўя таъсирлар ҳам мавжуд. Бунга юрак ритми бузилиши, қўзғалиш, безовталик, чалкашлик, депрессия ва ўз жонига қасд қилиш фикри каби руҳий ўзгаришларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Тутқаноқ, ғайритабиий кўкаришлар, қон кетиш ва қон қусиш, сариқлик, иситма, ярим фалажлик, кўриш қобилиятининг ёмонлашуви, нафас сиқилиши ва шиш кабилар эса кечиктириб бўлмас тез ёрдам кўрсатилиши шарт бўлган ҳолатлардир.

Алоҳида таъкидлаш лозим бўлган яна бир жиҳат шундаки, аёллар ўртасида машҳур бўлган бир қанча оздирувчи қўшимчалар қадоғида таркибида сибутрамин моддаси мавжуд экани кўрсатилмайди.

Тақиқланган оздирувчи воситалар, таркибида айнан сибутрамин бўлган дори ёки ичимлик кукунлари Ўзбекистонга қандай кириб келиб, эмин-эркин сотиляпти?

Божхона қўмитаси томонидан мамлакатга кириб келаётгани аниқланган психотроп ва кучли таъсир этувчи модда миқдори 2023 йилда 650 минг дона бўлса, 2024 йилда 577 минг донани ташкил этган. 2025 йилнинг дастлабки 4 ойида эса 79 кг психотроп ва кучли таъсир этувчи модда фош этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг хос даврига нисбатан 46 фоизга кўп демакдир.

Қўмитанинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, 2024 йилда 554 минг 63 дона; 2025 йилнинг ўтган даврида эса 9 минг 442 дона таркибида сибутрамин моддаси мавжуд бўлган кукун, таблетка ёки капсулаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Булар аниқланган ҳолатлар, аммо аниқланмаганлари-чи?! Ошиб бораётган рақамлар ўсиб бораётган талабни англатади.

Ижтимоий тармоқ деган бало чиқдики, унинг фойдасини англамаганлар зарарига кўпроқ йўлиқади. Одамлар ўз ҳаётидан, турмушидан, оиласи ва рўзғоридан, охир-оқибат ташқи кўринишидан ҳам розиликни унутди.

Оқибатда, ортиқча вазндан қутулиш учун ўтказиладиган операциялар сони ортиб бормоқда. Халқаро семизлик ва метаболик касалликлар жарроҳлиги федерацияси маълумотига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили ярим миллиондан кўпроқ бариатрик, яъни семизлик билан боғлиқ операциялар ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам оздириш операциялари ва таклиф берувчи клиникалар сони ошиб бормоқда. Масалан, 2023 йилда ортиқча вазн билан боғлиқ 700 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти амалга оширилган бўлса, 2024 йилга келиб, бу рақам мингдан ортди.

Оздирувчи операциялар

Операциялар асосан, ошқозонни кесиш ёки ошқозонни кесмасдан унинг бир қисмини ичак билан боғлаш амалиётларига қаратилган. Кутилганидек, беморларнинг асосий қисми аёллардан иборат.

Соатлаб ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш доимий ҳаракатсизликка олиб келгани етмагандек, ўз устида ишламаслик, соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик, спорт билан шуғулланишга нисбатан эринчоқлик, ё вазндан операция билан қутулиш, ё зарари фойдасидан кўп воситаларни истеъмол қилишга олиб келмоқда.

Тадқиқотларга кўра, инсон тана вазнининг ортишига бир нечта омиллар сабаб бўлади, уларнинг айримлари биологик, баъзилари эса психологик ва ижтимоий факторлардир. Уларнинг орасида энг кенг тарқалган сабаб шуки, кўп калория қабул қилиб, кам энергия чиқарган организм ёғ йиғади. Қачонки, кишининг истеъмол қилаётгани, сарфлаётганидан ошса, у шубҳасиз семиради.

Маълум-номаълум қўшимчаларни қабул қилиш эса биз кутмаган асоратларни келтириши мумкин.

Вазн ташлаш уни йиғишдан анча қийин бўлса ҳам, бу йўлда энг соғлом усулдан фойдаланиш лозим. Касални даволагандан кўра, унинг олдини олиш осонроқ. Соғлиқ ва ҳуқуқий масъулиятингизга бефарқ бўлманг. QALAMPIR.UZ билан бўлинг.


Мақола муаллифи

Теглар

озиш сибутрамин ошқозон кесиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг