“Қонли январь” воқеаларида неча киши ҳалок бўлгани очиқланди

Олам

image

Қозоғистонда январь ойи бошида содир бўлган тартибсизликлар оқибатида 230 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокурори Берик Асилов парламент Мажилиси (қуйи палата) йиғилишида маълум қилди. 

“Мамлакатда жами 230 киши, жумладан, 19 нафар ҳарбий ва хавфсизлик ходимлари ҳалок бўлган. Энг кўпи Олма-ота шаҳрида – 139 киши”, деган у.

Унинг сўзларига кўра, 20 киши тасодифан ўқ остида қолиб ҳалок бўлган. 

“Улар орасида ўқ остида қолганлар, назорат-ўтказиш пунктларида ҳарбийларнинг талабларига бўйсунмаганлар ҳам бор”, деган у. 

Таъкидланишича, 3500 га яқин хавфсизлик ходими яраланган. 

“Сиз 18-20 ёшли полициячи ва аскарларнинг қаттиқ калтаклангани ва ҳақоратлангани акс этган кадрларни кўргансиз. Хавфсизлик кучлари ходимлари орасида 3500 га яқин ярадор бор”, деган у. 

Шунингдек, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари январь ойидаги тартибсизликлардан сўнг 766 кишини ҳибсга олган.  

“Барча органлар томонидан ҳибсга олинганларнинг умумий сони 766 нафарни ташкил этди. Уларнинг аксарияти 30 ёшгача бўлган, ишсиз, олий маълумотсиз ёшлардир. Улардан 19 нафари бузғунчи диний оқим тарафдори, 27 нафари тақиқланган экстремистик ташкилотлар фаоллари, 24 нафари уюшган жиноий гуруҳлар аъзоси ҳамда 113 нафари қотиллик, ўғрилик, талончиликда айбланиб судланган”, деган у. 

Бош прокурорга кўра, тартибсизликлардан сўнг жами 3770 та жиноий иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилди. Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон тартибсизликлар

Баҳолаганлар

71

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made