Тўқаев ҳам Москвадаги Ғалаба парадига боради
Олам
−
04 Май
13483Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 8-9 май кунлари Москвага боради. Бу ҳақда республиканинг Россия Федерациясидаги элчиси Даурен Абаев ТАСС агентлигига берган интервьюсида маълум қилди. Абаевнинг қўшимча қилишича, Қозоғистон жорий йилда ШҲТ ва КХШТга раислик қилмоқда ва бу форматлар доирасида давлат раҳбарларининг учрашувлари ҳам бўлиб ўтади. Бундан ташқари, Уфада Россия ва Қозоғистон минтақалараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтади.
Унинг эслатишича, Қозоғистон ва Россия раҳбарларининг учрашувлари мунтазам бўлиб туради. Владимир Путиннинг ўтган йилнинг октябрь ойидаги Қозоғистонга ташрифидан сўнг икки давлат раҳбарлари икки марта – Санкт-Петербургдаги ЕОИИ ва МДҲ саммитларида ҳамда Қозонда “Келажак ўйинлари”да учрашган.
Қайд этиш жоизки, Лаос Президенти Тхонглун Сисулит ва Гвинея-Бисау раҳбари Умару Сисоку Эмбало 9 май куни ўтказиладиган парад учун Москвага боради.
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу 9 май куни Москвадаги Қизил майдонда бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида 9 мингдан ортиқ киши, 70 та техника ва иккита ҳаво гуруҳи иштирок этишини маълум қилган. Ғалаба парадининг якуний репетицияси 5 май куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, ўтган йили Москвага Ғалаба парадига етти нафар хорижий давлат раҳбарлари: Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қирғизистон етакчиси Садир Жапаров, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Беларусдан Александр Лукашенко, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ташриф буюрган.
2022 йилда Россия ҳукумати Ғалабанинг 77 йиллиги шарафига Москвадаги парадга хорижий раҳбарларини таклиф қилмади, ўшанда Кремль: "Гап шундаки, бу юбилей санаси эмас", деб тушунтирди. 2024 йилда нацизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги нишонланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 май куни Владимир Путин ва Имомали Раҳмон телефон орқали мулоқот қилганди. Муҳокама қилинган мавзулар орасида Имомали Раҳмоннинг Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этиши ҳам бор эди. Параддан икки кун олдин – 7 майда Владимир Путиннинг Президент сифатида бешинчи инаугурацияси бўлиб ўтади. Инаугурация куни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими кучайтирилади. 8 май куни эса Москвада ЕОИИ юбилей саммити бўлиб ўтади.
LiveБарчаси