Қодировнинг қизи яна мукофотланди
Олам
−
04 Ноябрь
2623Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қизи, Чеченистон Бош вазири ўринбосари Айшат Қодировага “Аҳмад-Ҳожи Қодиров хотираси” медали топширилди. Бу ҳақда у Instagram саҳифасида ёзди.
“Қодирова Чеченистон ва “ДХР” ўртасидаги “маданий ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашдаги шахсий хизматлари учун”, шунингдек, Россия ҳарбийларининг “руҳини сақлаб қолгани” учун мукофотланган”, деб хабар берди “Грозний” телеканали.
Медални Қодировнинг ўзи қизига топширди.
Айшат отаси – “Республика раҳбари қўлидан” медални олиш у учун “буюк шараф ва масъулият” эканини ёзган. Қайд этиш жоизки, Айшат Қодирова аллақачон камида еттита мукофот олган. 2020 йилда 22 ёшли Айшат Қодирова мода саноати ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун ўзининг биринчи медали — “Чеченистон Республикаси олдидаги хизматлари учун” медали билан тақдирланди. 2021 йил декабрь ойида у Чеченистон маданият вазири бўлиб ишлаган ва "Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун" медали билан тақдирланган. Бундан ташқари, Қодировнинг тўнғич қизи “Меҳнатдаги фарқи учун” фахрий кўкрак нишони, Чеченистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Чеченистон халқ артисти унвони, шунингдек, республиканинг олий мукофоти – Қодиров ордени билан тақдирланган. 2023 йил сентябрь ойида Россия Президенти Владимир Путин Қодировага II даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” орденини топширди. Мукофотнинг асосланишида Айшатнинг “миллий маданият ва санъат ривожида хизматлари” ҳамда “кўп йиллик самарали ижодий фаолияти” қайд этилган.
2024 йилнинг февралида Айшат Қодирова “ДХР” ордени билан тақдирланган. Чеченистон миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Ахмед Дудаев шундан сўнг Қодирова “ДХР”га инсонпарварлик миссияси билан ташриф буюрганини, фронтда Чеченистон жангчиларига ташриф буюрганини ва муҳтож аҳолига ёрдам етказиш учун делегациялар юборганини ёзди.
Айшат Қодирова 25 ёшда, у Чеченистон раҳбарининг тўнғич қизи. 2021 йил октябрь ойида у Чеченистон Маданият вазирлигини бошқарган. 2023 йилда у янги лавозимга тайинланди. Айшат республика ҳукумати раҳбарининг ижтимоий блок бўйича ўринбосари бўлди.
Рамзан Қодиров ва унинг яқинлари мунтазам равишда мукофотлар олишади
Аввалроқ “Вёрстка” Украинага кенг кўламли босқиндан сўнг Рамзан Қодировнинг ўзи турли мукофотларни икки баравар кўп – ўртача ҳар икки ойда бир марта ола бошлагани ҳақида ёзган эди. Шу йилнинг май ойида Чеченистон раҳбари яна ўз қариндошлари ва дўстларини республика ҳукуматидаги юқори лавозимларга тайинлади.
Шу тариқа, Рамзан Қодировнинг тўнғич ўғли, 18 ёшли Аҳмад Чеченистон жисмоний тарбия ва спорт вазири, Чеченистон Ёшлар ишлари вазирлиги раҳбари лавозимини эса Қодировнинг 20 ёшли куёви Рамзан Висмуродов эгаллади. У Чеченистон раҳбарининг тўртинчи қизи Табарикга уйланган.
Октябрь ойининг бошида Рамзан Қодировнинг кенжа ўғли Адам Қодиров Россиянинг рекордлар китобига Россия субъекти раҳбарининг хавфсизлик хизматининг энг ёш раҳбари сифатида киритилган.
LiveБарчаси