Қодировнинг 17 ёшли арзандаси яна медаль олди (видео)
Олам
−
25 Август 2025 6639 2 дақиқа
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 17 ёшли ўғли, Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби Адам Қодиров “Чеченистон Республикасининг ҳимоячиси” медали билан тақдирланди. Бу ҳақда Рамзан Қодиров ўзининг Telegram саҳифасида ёзди.
Қайд этилишича, Адам Қодиров тактик отиш бўйича куч тузилмалари ўртасида ўтказилган чемпионатнинг якунига – ғолибларни тақдирлаш маросимига борган.
Қодировнинг ёзишича, ғолибларни тақдирлаб бўлгач, Адам Қодировнинг ўзи ҳам Ички ишлар вазири Аслан Ирасханов қўлидан “Чеченистон Республикасининг ҳимоячиси” медали билан мукофотланган.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойи охирида ҳали вояга етмаган Адам Қодировга Араб арбитраж суди аъзоси гувоҳномаси умрбод муддатга берилган. Ушбу суд Араб давлатлари лигаси ҳузуридаги орган бўлиб, тижорий ва иқтисодий низоларни, шу жумладан, давлатлараро низоларни ҳал этиш билан шуғулланади. Шунингдек, Адам Қодировга “Ливия фахрий меҳмони” медали топширилган. Бу мукофот Чеченистон делегациясининг Мисрга ташрифи чоғида берилган.
2024 йилнинг октябрь ойида Адам Қодиров Россия рекордлар китобига киритилиб, Россия ҳудуди раҳбарининг энг ёш хавфсизлик хизмати бошлиғи сифатида қайд этилган. Ўшанда у 16 ёшда эди. У отасининг хавфсизлигини таъминлаш бўлими раҳбари лавозимига 2023 йилнинг охирида, 15 ёшида тайинланган. 2023 йилнинг апрелида эса Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлар университетининг куратори бўлган.
2023 йилда Адам Қодиров Чеченистонда ташкил этилган ва Байсангур Биноевский номи билан аталувчи Россия Мудофаа вазирлигининг махсус батальони куратори лавозимига тайинланган.
2025 йилда эса 17 ёшли ўғли Адам Қодиров Ички ишлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси куратори этиб тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Адам Қодировнинг тўйи муносабати билан у ва оиласини табриклаганди. Чеченистон раҳбари Путиннинг табригини бутун оила вакиллари билан самимий қарши олгани ва бу учун Россия Президентидан миннатдор эканини билдирган.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025