Қодиров Кушербоевнинг диний таълим ва МТДП бўйича фикрларига жавоб қайтарди
Жамият
−
07 Май 2021
21327Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев “Миллий тикланиш” партиясининг чиқишларини фитна қўзғашга ўхшаш ҳаракатларига қиёслаб, партия вакилларининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш жараёнида диний таълим муассасасида таълимни кенгайтириш масаласига қарши чиққанини айтиб ўтганди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кирган вақтидаёқ диний таълим масаласини кўтарган фракция “Миллий тикланиш” эди. Бу ҳақда партия етакчиси Алишер Қодиров маълум қилди.
Депутатнинг ёзишича, “ташаббусга кўр-кўрона ёпишиб олмасдан деярли икки ой давомида ушбу масала батафсил ўрганилган, соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашилган”.
Алишер Қодиров ўз постида Расул Кушербоевни “мавзуни ўрганмасдан, доимгидек гапириш учун гапирган”ликда айблади.
“Сохта обрў илинжидаги ҳамкасбимиз масалани бошланғич нуқтасида турибди – мавзуни ўрганмаган, доимгидек гапириш учун гапирди. Иккинчидан, қонун қабул қилинган мажлисда иштирок этмаган депутат хулоса билан эмас, қулоғи билан гапиради, жуда ҳам табиий ҳолат. Учинчидан, бу норма қонуннинг қайси моддасида тортишилди, деган саволга масалани кўтараётган ҳамкасбимиз жавоб беришига ишончим комил эмас. Чунки якуний ўзгаришларни билмайди”, деб ёзади Қодиров.
Унинг ёзишича, “партияга нисбатан ҳақоратомуз оҳанг” эса ”Давлат тили тўғрисида”ги қонун муҳокамасида “калтабинлик билан йўқотилган ишонч учун аламзадаликдан”.
Алишер Қодиров юқоридаги қонунда “Миллий тикланиш” партияси қарши бўлган жиҳат бўйича тушунтириш берди:
“Авваламбор, ҳар қандай таълим жараёни гуруҳ иштирокида, тизимлилик ва мунтазамликни тақозо қилади. Қонунга кўра, диний таълим олмоқчи бўлганларга бундай имконият мактабни тугатгандан кейин профессионал диний таълим муассасаларида берилади.
Муҳокамага сабаб бўлаётган қисм – бу 1-синфдан бошлаб диний таълим олиш ёки дарслардан кейин лицензияга эга, олий диний билимга эга шахс томонидан диний таълимни ташкил қилиш учун рухсат бериш масаласи.
Бу қонунга: “...ваколатли идора томонидан ижозат берилган, профессионал диний билимга эга мутахассис диний таълим бериши мумкин” деган норма киритилган тақдирда ҳам бошланғич диний таълим тизимининг ўзи йўқлиги учун динни ўрганиш одатдагидек устоз-шогирд тизимида давом этиб кетаверади. Бугун ёшлар динни ота-оналаридан, масжидларда, амри-маъруфларда, кундалик ҳаётда уламолар билан суҳбатда, ижтимоий тармоқларда ва бемалол сотувда бўлган диний адабиётлар воситасида ўрганишмоқда ва бу қонунга зид эмас.
Агар қонунда “...ваколатли идора томонидан ижозат берилган, профессионал диний билимга эга мутахассис диний таълим бериши мумкин” деган норма киритилса, ўргатиш Исломдагидек мураккаб бўлмаган, эътиқоддан кўра сиёсий-стратегик мақсадларга хизмат қиладиган минглаб миссионерларга миллионлаб ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшларимизнинг онгига яшил йўлак қилиб берган бўламиз. Тасаввур қилиб кўринг, битта уламо диний мактаб очиб 100 та қоракўзга Уммул Қуръонни ёдлатгунича, 100 та миссионер 100 та мактаб очиб минглаб болаларимизнинг етилмаган тафаккурини остин-устун қилиб юборади.
Муқаддас Ислом собитлик билан кундалик яшалади ва сабр билан ўрганилади. Мусулмон туғилгандан ўлимигача эшитади, ўқийди ва тафаккур қилади. Бу жараённи қонун тақиқлай олмайди”, деб ёзади Қодиров.
Депутатнинг фикрича, бу норма қабул қилинса, қонуннинг барча талабларини бажарган ҳолда, катта ҳомийларга эга бўлган миссионерлар оқими 3-5 йил ичида минглаб, агар миллионлаб бўлмаса, “динидан, қадриятидан узилган зомби ёшлар қатламини барчанинг олдига тўкиб ташлайди”.
Қодировнинг ёзишича, партия диний таълимни қўллаб-қувватлаган, жамиятга ёт ғояларни сингдирмоқчи бўлаётганларга қарши чиққан.
Эслатиб ўтамиз, бу икки депутат ўртасидаги илк тортишув эмас. Жорий йилнинг 27 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Алишер Қодиров ва Расул Кушербоев ўртасида давлат ҳокимияти органларини ноқонуний қурилишларни бузиш бўйича қарорларини судга беришда давлат божини тўлаш ёки тўламаслик тўғрисида тортишув юз берганди.
Алишер Қодиров ушбу тортишувни “жуда ҳам нормал ҳолат”, дея баҳолаганди.
LiveБарчаси