“Қочоқ” Собчак Исроилда кўриниш берди. Онаси қизининг қачон ортга қайтишини айтди

Маданият-санъат

image

Товламачиликда гумонланган ва 15 йилгача қамоқ жазоси хавф солиб турган россиялик телебошловчи Ксения Собчак 26 октябрь куни Исроил паспорти билан Белорус орқали Литвага кириб борган эди. Ўтган кунлар ичида қаерда экани номаълум бўлиб қолаётган Собчак кеча, 4 ноябрь куни Исроилда кўриниш берди. У YouTube'даги ўзининг “Эҳтиёт бўлинг. Собчак” каналига Исроилда тайёрлаган репортажини юклади ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига пост жойлаштирди.

“Ҳамма Исроил фуқаролигини муҳокама қилаётган экан, келинг, ҳар доим уруш ҳолатида яшайдиган, аммо негадир ҳар бир фуқаро ўзини керакли ва хавфсиз ҳис қиладиган бу давлат билан шуғулланайлик.

Исроил ҳозирда Ғарбнинг Россияга жорий этган санкцияларига қўшилмади, Украинага қурол-яроғ етказиб бермаяпти ва аллақачон икки марта тезлаштирилган репатриацияни (ватанга қайтиш) эълон қилган. Февраль ойидан бери 24 мингга яқин россиялик ваъда қилинган фуқароликни олиш учун у ерга учиб кетган. Уларнинг кўпчилиги бир махсус операциядан қочиб, бошқасига тутилганини билмас эди. Исроилда сиз энг яқин бомба бошпанасини билишингиз ва ҳаво ҳужуми сигналининг эшитишингиз билан у ерга югуришингиз керак. Бунга ақл бовар қилмас солиқларни (даромаднинг 50% гача), қиммат уй-жой ва банкларни қўшинг. Аммо, барибир Исроилга келишяпти. Бунинг сабабини тушуниш учун Исроилга кўчиб ўтишнинг ижобий ва салбий томонлари ҳақида видео қилдик”, деб ўз видеосини илова қилган журналист.

Собчак ўзи тайёрлаган видео репортажда Исроилда яшаётган бир нечта россияликлар билан суҳбатлашган ва ушбу мамлакатдаги ҳаёт тарзини кўрсатишга уринган.

Россия Ички ишлар вазирлиги терговчиси Собчак Россияда бўлмаган бир вақтда уни “Ростех” раҳбари Сергей Чемезовдан 11 миллион рубль ундириш ишида гумонланувчи сифатида жалб қилиш ҳақидаги қарорни бекор қилди. Эндиликда Собчак фақат гувоҳ сифатида ишга жалб этилиши мумкин. Бу ҳақда 28 октябрь куни ТАСС агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб хабар берди.

Россиялик журналистлар унинг онасини ҳам тинч қўяётгани йўқ. 2 ноябрь куни Собчакнинг 71 ёшли онаси Россия парламентининг юқори палатаси сенатори (Тива Республикаси вакили) Людмила Нарусова қизини қачон ортга қайтиши ҳақидаги саволга “тез орада” деб жавоб берган. Россия матбуотида тарқалган хабарларга кўра, Собчакнинг сенатор онаси лавозимидан “учиши” ҳам мумкин. Инсайдерларга кўра, қарор қабул қилинган ва яқин вақт ичида эълон қилинади. Аммо, сенаторнинг ўзи истеъфо ҳақидаги хабарларни ёлғонга йўйди.

Эслатиб ўтамиз, Собчак Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 163-моддаси 3-қисми “б” банди (йирик миқдордаги мол-мулкни қўлга киритиш мақсадида товламачилик) бўйича гумон қилинган эди.

Ушбу иш бўйича Собчакнинг тижорат директори Кирилл Суханов ва “Tatler” газетасининг собиқ бош муҳаррири Ариан Романовский (Кузьмин) қўлга олинган. Собчак Россия Федерациясидан қочиб кетган

Ксения Собчак Санкт-Петербургнинг собиқ мэри Анатолий Собчакнинг қизи бўлиб, унинг 1990 йилларда ҳамкори Владимир Путин бўлган. У Россия телевидениесида кўп ишлаган, машҳур шоуларнинг бошловчиси эди. 2011 йилги Давлат Думасига сайловлардан сўнг у норозилик акцияларида қатнашди ва Мухолифатни мувофиқлаштириш кенгашига қўшилди. 

Шундан сўнг у бир неча йил "Дождь" телеканалида ишлади, телеканал мухбири сифатида у Владимир Путиннинг матбуот анжуманларида қатнашди. 

2018 йилда Собчак президентлик сайловларида қатнашиб, оммавий ахборот воситалари сайловларга эътиборни қаратиш ва мамлакатда мухолифат борлигини кўрсатиш учун унинг номзоди Кремль билан келишилганини ёзди. Унинг ўзи бу айбловларни рад этган.

Украинада уруш бошланганидан сўнг, россиялик журналистларга босим сезиларли даражада ошди, маъмурий ва жиноий кодексларга армияни обрўсизлантириш ва ҳарбий фейкларга оид моддалар киритилгани сабабли юзлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ксения Собчак

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг