Қизил тўй: АҚШ Эрондаги тўй маросимига атайин зарба берган(ми?)

Олам

image

Эрон жанубида тўй маросими вақтида уйга берилган зарба эҳтимол АҚШ ҳарбийлари қўллаган ўқ-дори воситасининг тўғридан-тўғри зарбаси оқибатида содир бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс мамлакат мазкур ҳодисани текшираётганини журналистларга маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, АҚШ ҳарбийлари хатога йўл қўйган тақдирда, бундай ҳолатлардан сабоқ чиқариб, кейинги амалиётларни яхшилашга ҳаракат қилади.

“Биз буни текширяпмиз, чунки бундай ҳолат биз учун муҳим. Нима бўлганини билгимиз келади”, деган Вэнс журналистларга.

АҚШ ҳарбийлари ҳам Эрон томонидан тарқатилган хабарлардан хабардор эканини билдирган. Бироқ Пентагон тинч аҳолини ҳеч қачон нишонга олмаслигини таъкидлаган. 

Номи ошкор этилмаган АҚШ расмийси ҳукумат тўйдаги қурбонларга олиб келган ҳолат бўйича бир нечта эҳтимолни кўриб чиқаётганини айтган. Улар орасида ҳодисага АҚШ зарбаси сабаб бўлгани, Эрон ҳаво мудофааси ракетаcининг бошқа нишондан қайтиб тушгани ёки нишонни ушлашга мўлжалланган ракета адашиб кетгани каби версиялар бор.

“Reuters” ҳодиса жойидан олинган ва агентлик томонидан тасдиқланган фото ҳамда видеоларни ҳарбий қуроллар бўйича 4 нафар экспертга тақдим этган. Мутахассислар вайронагарчилик хусусияти бошқа нишонга урилган ўқ-дорининг рикошети эмас, балки тўғридан-тўғри зарбага мос келишини билдирган.

Экспертларнинг 3 нафари қўлланган ўқ-дори эҳтимол Эрон ҳаво мудофааси ракетаcи эмас, балки АҚШ қуроли бўлганини айтган. Улардан бири қурол ўз нишонларини шунчаки мўлжалдан адаштирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Эрон давлат телевидениеси кеча, 3 сентябрь куни тўй вақтида зарба берилган уйда бўлган 22 ёшли аёл шифохонада вафот этганини хабар қилган. Шу билан ҳодисада ҳалок бўлганлар сони 5 кишига етган, Эрон расмийлари эса қарийб 70 киши яраланганини билдирган.

3 сентябрь куни кечқурун Куҳестак қишлоғида ҳалок бўлганлар учун жаноза маросими ўтказилган. Тўйда ҳалок бўлган 4 кишининг жасадлари тобутларда олиб чиқилган, маросимда маҳаллий аҳоли ва ҳарбийлар иштирок этган.

Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги тарқатган видеода пальма барглари остида байроқ билан ёпилган тобут олиб кетаётган автомобиль акс этган. Агентлик хабарчиси марҳумлар орасида 4 ёшли Амир-Муҳаммад Карими ҳам борлигини айтган.

Маросимда иштирок этган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири тўй маросимидаги ҳужумни танқид қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий объект зарбага учраганида ҳам бу қадар оғриқли бўлмас эди, аммо одамларнинг қувончи мотамга айланган.

Эслатиб ўтамиз, мудҳиш ҳодиса 1 сентябрь куни Эрон жанубидаги Сийрик округининг Куҳестак қишлоғида содир бўлган. АҚШ шу куни Ҳормуз бўғози соҳили бўйлаб Эроннинг ҳарбий нишонларига зарбалар берганини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг