“Қиёмат азоби”. Мадуро сақланаётган тергов изолятори ҳақида нималар маълум?

Олам

image

АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олиниб, шошилинч тарзда Нью-Йорк судига олиб борилган Венесуэла президенти Николас Мадуро қаерга жойлаштирилди? Бир америкалик адвокат ҳозирда Мадуро сақланаётган Бруклиндаги муассасани “қиёмат азоби” деб таърифлаган. Айрим судьялар ҳатто маҳкумларни у ерга юборишдан бош тортмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Мадуро Нью-Йоркка Гиёҳвандликка қарши кураш бошқармаси (DEA)нинг икки нафар агенти ҳамроҳлигида етиб борган ва уни кутиб олганлар билан ҳазиломуз оҳангда гаплашган.

“Good night – бу “ buenas noches” дегани, тўғрими? Good night! Янги йилингиз билан!” деган у.

Шундан сўнг у тезда DEA штаб-квартираси орқали олиб ўтилган ва Бруклиндаги вақтинча сақлаш изоляторидаги (Metropolitan Detention Center, MDC) камерага жойлаштирилган. Кутилишича, у ва унинг рафиқаси Силия Флорес гиёҳванд моддалар ва қурол билан боғлиқ айбловлар кўриб чиқилгунча шу ерда қолади (иккаласи ҳам бу айбловларни инкор этмоқда).

Пўлат тўсиқлар ва камералар

MDC – Бруклин туманида жойлашган кўп қаватли бетон ва пўлатдан қурилган иншоот. У Нью-Йорк бўғозидан атиги бир неча метр масофада, Бешинчи авеню, Марказий парк ва шаҳарнинг бошқа машҳур жойларидан тахминан 3 миль (5 км) узоқликда жойлашган.

1990 йилларнинг бошларида шаҳар қамоқхоналари ҳаддан ташқари тўлиб кетгани сабабли янги муассаса очиш қарори қабул қилинган. У аввал кемалар орқали келиб-кетадиган юкларни сақлаш ва тарқатиш учун фойдаланилган эски омборлар ўрнида қурилган.

Дастлаб у ерда Манхэттен ва Бруклин судлари олдида жавоб бериши керак бўлган эркаклар ва аёллар сақланиши режалаштирилган, бироқ Федерал қамоқхоналар бюроси (BOP) сайтида келтирилган маълумотларга кўра, MDC қисқа муддатли жазони ўтаётган маҳкумларни сақлаш учун ҳам фойдаланилади.

Ҳозир бу Нью-Йоркдаги BOP бошқарувидаги ягона муассаса бўлиб қолган, чунки 2021 йилда идора Манхеттендаги шунга ўхшаш қамоқхонани ёпган. Бу қарор 2019 йилда жинсий жиноятлар учун судланган америкалик молиячи Жеффри Эпштейн сирли шароитда ўз жонига қасд қилганидан кейин қабул қилинган.

Вақтинча сақлаш маркази АҚШ прокуратураси идораси ва икки федерал суд ўртасида жойлашган. У пўлат тўсиқлар ва узоқ масофадан кузатиш имконини берувчи камералар билан ўралган. Мадуронинг олиб борилганидан сўнг ташқи хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Маълумотларга кўра, бинонинг конструкциясига қарамай, марказда очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиш ҳудудлари, тиббий хоналар ва ҳатто кутубхона ҳам бор. Бироқ ушланган шахслар куннинг катта қисмини тор камераларда ўтказади. Бу борада расмий ахборот ёки изоҳ берилмаган.

“Ғайриинсоний шароитлар”

ОАВнинг ёзишича, муассаса 1000 кишига мўлжалланган бўлса-да, 2019 йилда маҳбуслар сони 1600 нафарга етган. Ҳозир BOP маълумотларига кўра, у ерда тахминан 1330 киши сақланмоқда. Бундан ташқари, “Associated Press” суд ҳужжатларига таяниб ёзишича, 2024 йил ноябрь ҳолатига кўра, изолятор ходимлари сони тавсия этилган меъёрнинг ярмига тенг бўлган. 

Мутахассисларнинг фикрича, ҳаддан ташқари тўлиб кетиш ва ходимлар етишмаслиги MDC’да тез-тез содир бўладиган зўравонлик ҳолатларининг асосий сабабларидан биридир. Бинонинг жисмоний ҳолати ҳам жиддий хавотир уйғотади. Бу айниқса 2019 йилда, электр энергияси ўчиб қолгач, қишнинг қаҳратонида бир неча кун давомида иситишсиз қолишганида яққол намоён бўлган.

“Ўша пайтда MDC’даги шароитлар мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ва ғайриинсоний эди. Эркинликдан маҳрум этиш инсон ҳуқуқларидан маҳрум этиш дегани бўлмаслиги керак”, деган Нью-Йорк штати бош прокурори Летиция Жеймс.

У федерал ҳукуматни муассаса ҳалокатли аҳволда сақланаётгани учун судга берган.

Адвокат Эндрю ДеЛука “New York Times” газетасига бу қамоқхонани “қиёмат азоби” деб таърифлаган. Унинг мижозларидан бири – Эдвин Кордеро 2024 йилда MDC’да бошқа маҳкум томонидан пичоқлаб ўлдирилган.

Туман суди судьяси Гарри Браун 2024 йил августида солиқ фирибгарлигида айбланган 75 ёшли эркакка белгиланган тўққиз ойлик қамоқ жазосини бекор қилиб, агар Федерал қамоқхоналар бюроси уни Бруклиндаги MDC’га юборадиган бўлса, уй қамоғи билан алмаштиришини билдирган.

“Бу ҳодисалар (яъни муштлашувлар) назоратнинг ачинарли даражада йўқлигини, жамоат тартибининг бузилганини ва бутунлай анархик муҳитни кўрсатади. Буларнинг барчаси йўл қўйиб бўлмайдиган, қоралашга лойиқ ва ўта хавфли бошқарув натижасидир”, дейди Браун.

Бу қамоқхонага эътибор коррупция айбловлари билан ҳам тортилган. Ўтган йил март ойида АҚШ Адлия вазирлиги зўравонлик ва контрабанда билан боғлиқ 12 та алоҳида иш доирасида 25 кишига – улар орасида собиқ ходимлар ва маҳбуслар ҳам бор айблов эълон қилингани ҳақида хабар берган.

Бунгача BOP ўз баёнотида “бизнинг масъулиятимиз остидаги шахсларни ҳимоя қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари ходимлари ва жамият хавфсизлигини таъминлаш вазифасига жиддий ёндашамиз”, дея билдирган.

Бюро вакили MDC’даги муаммоларни ҳал этиш учун фавқулодда ишчи гуруҳ тузилганини, қўшимча ходимлар изланаётганини ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ йиғилиб қолган муаммолар бартараф этилаётганини таъкидлаган. Кордеро ва бошқа шахсларнинг ўлимидан сўнг бир қатор ҳибсга олишлар амалга оширилган.

Бошқа машҳур маҳбуслар

Ёмон шароитлар ҳақидаги гап-сўзларга қарамай, АҚШ расмийлари юқори мартабали ҳибсга олинганларни MDC’га юборишда давом этмоқда. Мадуро эса бу ерга тушган илк лотин америкалик сиёсатчи эмас.

Гондураснинг собиқ президенти Хуан Орландо Эрнандес MDC’да уч йилдан ортиқ вақт сақланган. Ўтган йил июнь ойида федерал суд уни гиёҳванд моддалар савдоси учун 45 йилга озодликдан маҳрум этгач, бошқа муассасага кўчирилган. Қизиғи шундаки, ўтган йил декабрида АҚШ Президенти Дональд Трамп уни афв этган.

Мексиканинг жамоат хавфсизлиги бўйича собиқ вазири Хенарро Гарсия Луна ҳам бир муддат шу ерда сақланган. Машҳур наркобарон Хоакин “El Chapo” Гусман ҳам айнан шу қамоқхонада бўлган. Синалоа картелининг етакчиларидан бири Исмаел “El Mayo” Самбада эса ҳозир ҳам гиёҳванд моддалар савдоси бўйича айбловлар юзасидан судни кутиб, шу бинода сақланмоқда. Бошқа машҳур маҳбуслар қаторида йирик мафия етакчиси Жон Готти, шунингдек 2001 йил 11 сентабр терактларидан сўнг қўлга олинган “Ал-Қоида” аъзолари ҳам бор.

Бир неча ой давомида MDC’да реппер ва мусиқий продюсер Шон Комбс ( P. Diddy) ҳам сақланган. У аёлларга нисбатан узоқ йиллар давом этган зўравонлик учун тўрт йилга озодликдан маҳрум этилгач, Нью-Жерси штатидаги бошқа муассасага ўтказилган.

Бундан ташқари, бу қамоқхонада Жеффри Эпштейннинг шериги ва собиқ ҳамкори Гислейн Максвелл, банкрот бўлган FTX криптоплатформаси асосчиси Сем Банкман-Фрид, шунингдек Дональд Трампнинг собиқ шахсий адвокати Майкл Коэн ҳам сақланган. Коэн молиявий жиноятлар учун уч йилга озодликдан маҳрум этилган.

2021-2024 йиллар оралиғида маҳкумлар орасида бир қатор ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилган. Муассасанинг аҳволи судьяларда ҳам норозилик уйғотмоқда, бу улар одамларни у ерга юборишни истамасликларида намоён бўлмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Венесуэла Николас Мадуро тергов изолятори Бруклин Metropolitan Detention Center

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг