Қишда магистратурага кирмоқчи бўлганлар учун муҳим енгиллик берилди
Жамият
−
14 Ноябрь 2022
15722Магистратура қишки қабулида хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар сертификати борлар ҳужжат топшириши мумкин. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, 2022-2023 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасалари магистратурасига декабрь-январь ойларидаги танловда истисно тариқасида хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар (C1 ёки Б2 сертификатидан ташқари бошқа даражадаги) сертификатга эга талабгорлар ҳам иштирок этишига рухсат этилган.
Бироқ, аҳамиятли томони шундаки, ўқишга қабул қилинган талабалар ўқиши давомида талаб этилганидек миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатни қўлга киритиши лозим. Акс ҳолда якуний давлат аттестациясига рухсат этилмайди.
Танловда иштирок этиш истагини билдирганларга 2022 йил 20 декабрдан 2023 йил 10 январга қадар (шу куни ҳам) magistr.edu.uz электрон тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.
Қайд этиш керакки, танлов натижалари бакалавриат дипломнинг ўртача баллари асосида аниқланади.
Маълумот ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорига кўра абитуриент филология йўналишлари бўйича камида C1, нофилологик йўналишлари бўйича эса Б2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш талаби белгиланган.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь