Қирол Чарльзнинг укаси Эпштейн сабаб унвонидан воз кечди
Олам
−
18 Октябрь 2025 3711 5 дақиқа
Бир пайтлар қиролича Елизавета II нинг севимли ўғли сифатида тилга олинган ва жасур ҳарбий офицер сифатида ёшлигида мақтовларга сазовор бўлган Британия қироллик оиласи аъзоси шаҳзода Эндрю Энди жамоатчилик назарида доимо вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонликда айбланган шахс сифатида қолади.
65 ёшли Эндрю кеча, 17 октябрь куни бир неча йиллик танқидлардан сўнг “Йорк герцоги” унвонидан воз кечишини маълум қилди. Бу танқидлар асосан марҳум, обрўси тўкилган АҚШ молиячиси Жеффри Эпштейн билан боғлиқ алоқалари сабабли келиб чиққан эди.
Қирол Чарльзнинг укаси бўлмиш шаҳзода Эндрюга Виржиния Джеффри томонидан айблов қўйилган. Унинг даъво қилишича, Эндрю уни вояга етмаган пайтида Эпштейн ёки унинг ҳамкорларига тегишли уй-жойларда жинсий зўравонликка дучор қилган. 2022 йил февраль ойида шаҳзода Эндрю унга қарши АҚШда қўзғатилган суд ишини яширин келишув асосида маълум бўлмаган миқдорда компенсация тўлаб якунлади.
Қиролича ёнида
Айбини тан олмаган бўлса-да, Эндрю Эпштейн билан муносабатлари ва ўз номини оқлаш умиди билан BBC'га берган, аммо фожиали якунланган интервьюсидан сўнг фаол вазифаларидан четлатилган эди. Ундан ҳарбий унвонлари, ҳомийликлари ва “Зоти шарифлари” (His Royal Highness) мақоми ҳам олиб қўйилди.
“Мен ҳеч қачон ҳақиқий маънода базмларда қатнашмаганман. 80-йиллар бошларида бироз вақт ёлғиз юрганман, аммо уйлангандан кейин жуда бахтли эдим ва ҳеч қачон алоҳида сайр-саёҳат ёки базмларга ҳожат сезмаганман. Жеффрининг (Эпштейн) олдига боришим ҳам байрам қилиш учун эмас эди”, деди у BBCга.
Халқ меҳридан тобора маҳрум бўлиб борган Эндрюни оиласи ҳам чеклай бошлади. Уларнинг назарда, у бутун қирол хонадони обрўсига доимий путур етказиши мумкин бўлган ноқулай юк эди.

Фақат марҳума онаси – қиролича Елизавета II – унга нисбатан меҳрини сақлаб қолгандек туюларди. 2022 йил март ойида марҳум шаҳзода Филиппнинг хотира маросимида уни онасини қўлтиқлаб киритаётган ҳолда кўришди.
Шундан кейинги оммавий чиқишлари фақат катта оилавий маросимлар билан чекланди – ўша йилги қироличанинг дафн маросими ва 2023 йилда акаси қирол Чарльзнинг тож кийиш маросими каби.
Карьерасининг бошларида у 22 йил денгиз флоти сафларида хизмат қилган. 2001 йилда эса Буюк Британиянинг Халқаро савдо ва инвестициялар бўйича махсус вакили этиб тайинланган – таъсирли лавозим, аммо Эпштейн билан боғлиқ можаролар туфайли танқидлар остига тушгунча ушбу роль унга катта обрў келтирган эди.
Унгача шаҳзода Эндрю энг кўп 1986 йилдаги никоҳи билан машҳур бўлган – унинг тўйдаги ёрқин табассуми ва қизғиш сочлари билан танилган Сара Фергюсонга уйланиши газеталар томонидан “Ферги” деб атаб ёритилганди.

1992 йилда улар ажрашди – бу пайтга келиб Эндрю қироллик хизматидан вазирликдаги иш столига ўтиб, уйда кўпроқ вақт ўтказа бошлаганди. Бу йил қироллик оиласи учун синовли ва можароли йил бўлиб, қиролича уни “annus horribilis” – “даҳшатли йил” деб атаган.
Айтишларича, Эндрю турмуш ўртоғи билан ажрашганидан тушкунликка тушган ва Сара уни меҳрибон, кучли севгига муносиб эркак деб таърифлаган.
Жуфтлик икки фарзанд – Беатрис ва Евгенияни тарбиялади. Улар 1996 йилда ажрашган бўлсалар ҳам, яхши муносабатларни сақлаб қолди, бирга таътилга чиқишар ва ҳатто бир уйда яшашда давом этар эдилар.
“Ҳавода учувчи шаҳзода”
Ҳарбий хизматдан кетганидан кейин ҳам Эндрюнинг шахсий ҳаёти газеталар сарлавҳасидан тушмади. Таблоид нашрлар уни турли аёллар – сузиш кийимлари моделлари, бизнесмен хотин-қизлар билан боғлаб ёзди. Яхталарда кулиб юргани ёки яланғоч аёллар орасида қуёшда ҳордиқ чиқараётган суратлари эълон қилинди. Матбуот уни ҳавода тинмай учиб юрувчи ҳаёт тарзи учун “Air Miles Andy” деб атади.
Аммо унинг узоқ йиллик дўсти – болаларга нисбатан жиноятларда айбланиб, 2008 йили қамалган молиячи Жеффри Эпштейн билан муносабатлари уни таъқиб қила бошлади. 2011 йилда у халқаро савдо элчиси сифатидаги лавозимини тарк этди. 2015 йили эса Виржиния Джуффре унга қарши расмий айблов аризаси билан чиқди.

Танқидчиларга кўра, унинг таназзули ўзини устун ҳис қилиш, манманлик ва имтиёзларга одатланганлик оқибати эди. ITV телеканали ҳужжатли фильмида собиқ қироллик ҳимоячиси айтишича, агар Эндрюнинг тўшагидаги ўйинчоқ айиқчасини кимдир жойидан силжитса, у ғазаб отига минар экан.
Обрўси пасайиб бораркан, Эндрю диққатини “Pitch@Palace” номли лойиҳасига қаратди – бу ташаббус ёш IT тадбиркорларига шериклар ва сармоядорлар топишда қироллик алоқаларидан фойдаланишни мақсад қилган эди.
Бироқ унинг қироллик дунёси қулашига сабаб бўлган воқеа BBC телеканалига берган ҳалокатли интервью бўлди – у жамоат олдида Виржиния Жеффри айтган “Лондондаги клубда раққоса билан терлаб рақсга тушган” учрашув ҳақидаги даъвони рад этмоқчи бўлганди.

У, шунингдек, Эпштейн томонидан зўравонликка учраганини айтганларга нисбатан ҳеч қандай ҳамдардлик кўрсатмагани учун танқид қилинди. Шу билан бирга, молиячи билан дўстлиги учун “афсусланмаслигини” айтгани янада жамоат ғазабини кучайтирди.
Кейинчалик расмий қироллик вазифаларидан воз кечар экан, қуйидаги баёнотни берди:
“Мен Жеффри Эпштейн билан бўлган нотўғри, ноўрин муносабатим учун мутлақо пушаймонлигимни яна бир бор таъкидлайман”.
Бироқ бу баёнот ҳам унинг обрўсини сақлаб қолишга етарли бўлмади – жамоат олдидаги ишонч аллақачон йўқотилган эди.
Live
Барчаси