Қирол Чарльз III ни Германияда қандай кутиб олишди? (фотогалерея)
Олам
−
30 Март 2023 8955 2 дақиқа
Буюк Британия Қироли Чарльз III тахтга ўтирганидан сўнг рафиқаси қиролича Камилла билан Берлинга биринчи хорижий ташриф билан келди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Берлинга келганидан кейин Чарльз III ва унинг рафиқасини Бранденбург дарвозасида Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва унинг рафиқаси Эльке Бюденбендер кутиб олган. Мамлакат Қуролли кучлари оркестри икки давлат мадҳияларини ижро этган, шундан сўнг маросим иштирокчилари фахрий қоровул сафи бўйлаб юришган.

“Халқларимиз ўртасидаги кўп йиллик дўстликни янада чуқурлаштиришда давом этаётганимиз катта бахт”, дейилади Британия монархи ва унинг рафиқасининг қўшма баёнотида.

Ўз навбатида, Штайнмайер Европа ва Германия Brexit'дан кейин ҳам Буюк Британия билан яқин ва дўстона муносабатда бўлишни хоҳлашини айтган.
Маросимдан сўнг Чарльз III ва Камилла Германия Президентининг Бельвю саройидаги қароргоҳига зиёфатга боришган.

Ушбу зиёфатда Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли ҳам иштирок этган.
Германияга уч кунлик ташрифи давомида Чарльз III Берлиндан ташқари Гамбург ва Бранденбург шаҳарларига ҳам ташриф буюришни режалаштирган.

Маълумот учун, дастлаб Британия монархи Парижга биринчи давлат ташрифини амалга ошириши керак эди, бироқ Францияда пенсия ислоҳотига қарши норозилик намойишлари туфайли у қолдирилди. Чарльз III қироллик оиласи аъзоси сифатида у аввал Германияга 40 марта ташриф буюрган.







Live
Барчаси