Қирғизистонга қарийб 80 млн рублни ноқонуний ўтказмоқчи бўлган шахс жазоланди
Жамият
−
24 Май
3038Қарийб 80 млн Россия рублини Қирғиз Республикасига ноқонуний ўтказмоқчи бўлган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
2023 йилнинг декабрь ойида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Ола-буқа тумани билан чегарадош бўлган Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи “ўзбек-қирғиз” давлат чегараси томон ҳаракатланган Наманган шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автомашина тўхтатилиб кўздан кечирилганида, унинг салонида 3 дона полиэтилен қопларга жойлаштирилган жами 79 млн 994 минг 900 Россия рубли борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган эди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс ушбу валюта қимматликларини чегарадан ўтказиб бериши эвазига маълум миқдорда хизмат ҳақи олиши керак бўлган ва бундай ноқонуний ҳаракатни муқаддам 4 маротаба амалга оширган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан эса ушбу шахс Жиноят Кодексининг 25,28,182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тезкор тадбир давомида ундан ашёвий далил сифатида олинган 79 млн 994 минг 900 Россия рубли суд ҳукмига мувофиқ давлат эгалигига ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистондан занжир, тиш қолипи ҳамда лом шаклидаги 1,4 кг олтинни кийимлари ичига яширган ҳолда Қирғизистонга олиб чиқиб кетишга уринган шахслар қўлга олинганди.
LiveБарчаси