Қирғизистонда янги тайинланган ФВВ раҳбари ишдан олинди
Олам
−
14:55 5713 2 дақиқа
Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазири Урматбек Шамирканов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Президент матбуот котиби янги вазир нима учун тайинланганига ҳали бир ой ҳам бўлмай туриб ишдан олинганига изоҳ берар экан, бунга унинг аввалроқ вазир ўринбосари лавозимида ишлаб юрган кезларида пора олганликда гумон қилинаётгани сабаб бўлганини айтган.
“Маълум қилинишича, 2025 йилнинг ёзида у ушбу вазирлик бўлинмаларидан бирининг ходимини юқорироқ лавозимга кўтариш эвазига пора талаб қилган. Ходимнинг сўзларига кўра, у келишилган сумманинг ярмини ўша пайтдаги ФВВ раҳбари ўринбосари У. Шамиркановнинг электрон ҳамёнига ўтказиб берган.
Шамирканов вазир этиб тайинлангач, ходим сумманинг қолган ярмини бера олмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, шундан сўнг вазир уни Боткен вилоятидаги бўлинмага ишга ўтказиб юборган.
Боткенга ўтказилган ходим Президент Садир Жапаровга ариза билан мурожаат қилди. Давлат раҳбари Бош прокуратурага аризада келтирилган айбловларни текширишни топширди. Назорат органи мурожаатдаги фактлар тасдиқланганини маълум қилди. Шу муносабат билан Садир Жапаров Фавқулодда вазиятлар вазири Урматбек Шамиркановни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди”, деди Аскат Алагозов.
У ушбу ҳолат “Қинғир ишнинг қийиғи 40 йилда ҳам чиқади” деган мақолга яққол мисол эканини қўшимча қилган.
“Бироқ бугун биз бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар 40 йилда эмас, балки атиги 40 кунда фош бўладиган замонда яшаяпмиз. Шунинг учун бу бошқа давлат хизматчилари учун жиддий сабоқ бўлиши керак. Агар кимдир шу каби ноқонуний ишларни содир этгани маълум бўлса, мамлакат раҳбарияти бунга кўз юммайди. Инсон яқиндагина вазир этиб тайинлангани ёки юқори лавозимни эгаллагани, унинг ишдан бўшатилиши ҳокимият обрўсига путур етказиши мумкин деган баҳоналар билан оқланмайди. Худди бугунгидек қатъий чоралар кўрилади”, дея хулоса қилган Президент матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Қирғизистонда кенг кўламли кадрлар алмашинуви доирасида Фавқулодда вазиятлар вазири Бообек Ажикeев эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига айнан Урматбек Шамирканов тайинланган эди.
Live
Барчаси