Қирғизистонда вилоят ва туманлар тугатилади
Олам
−
10:16 2263 2 дақиқа
Қирғизистондаги маъмурий-ҳудудий ислоҳот доирасида барча вилоят ва туманларни тугатиб, уларнинг ўрнига янги бошқарув бирликлари — аймоқларни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Давлат хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ишлари бўйича давлат агентлиги директори Элчибек Жантаев маълум қилди.
Айни пайтда мамлакатда 7 та вилоят, 40 та туман ва 34 та шаҳар мавжуд. Режага кўра, 40 та туман ўрнига 20 дан ортиқ аймоқ ташкил этилади.
Жантаевнинг сўзларига кўра, аймоқлар туманлардан катта, вилоятлардан эса кичик ҳудудий бирликлар бўлади. Уларни ташкил этишда ҳудудларнинг имкониятлари ва ривожланиш салоҳияти ҳисобга олинади. Масалан, Иссиқкўл вилоятини шимолий ва жанубий қисмларга ажратиш мумкин. Жалолобод ва Ўш вилоятларида эса кичик туманлар ривожланиш имконияти юқори бўлган ҳудудлар билан бирлаштирилиб, аймоқлар ташкил этилиши мумкин.
Аймоқлар тизимига ўтиш маъмурий-ҳудудий ислоҳотнинг иккинчи босқичи бўлади. Ислоҳотнинг биринчи босқичи 2023 йилда бошланган. Ўшанда айрим туманларнинг чегаралари ўзгартирилган, бир қатор аҳоли пунктлари эса шаҳарлар таркибига қўшилган.
2026 йил апрель ойида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ислоҳотнинг кейинги босқичи ҳақида гапириб, дастлаб тажриба тариқасида битта аймоқ ташкил этиш режалаштирилаётганини айтган. Янги бошқарув тизими бутун мамлакат бўйлаб жорий этилишидан олдин ушбу ҳудудда синовдан ўтказилади.
“Бир, икки ёки уч йил давомида унинг қандай ишлашини кузатамиз. Ўзини ўзи бошқара оладими, республика бюджетидан ажратиладиган маблағларга қарам бўлмай ишлай оладими — шуни кўрамиз. Агар тажриба муваффақиятли ўтса, вилоят ва туманларни тугатиб, аймоқлар тизимига ўтамиз”, — деган Садир Жапаров.
Live
Барчаси27 Октябрь