Қирғизистонда Starlink расман ишга тушди
Олам
−
09:43 1567 2 дақиқа
Starlink сунъий йўлдош интернет хизмати Қирғизистон ҳудудида расман ишга тушди. Сервиснинг расмий қамров харитасида мамлакат интернетдан фойдаланиш мумкин бўлган ҳудудлар қаторига киритилди.
Эндиликда фойдаланувчилар Starlink’нинг расмий сайтида ўз манзилини киритиб, ҳудудида хизмат мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текшириши мумкин. Шунингдек, платформа танланган локация учун амалдаги тарифларни ҳам кўрсатади.
Қирғизистонда Starlink ускуналар тўплами нархи 36 минг 270 сом этиб белгиланган.
Мутахассисларнинг фикрича, Starlink’нинг ишга туширилиши айниқса тоғли ва чекка ҳудудлар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки бундай жойларда симли ёки мобил интернет сифати паст ёки умуман мавжуд эмас.
Марказий Осиёда Starlink хизматини биринчилардан бўлиб Қозоғистон йўлга қўйган эди. Хизмат у ерда дастлаб пилот режимида ишга туширилиб, асосан қишлоқ мактабларини интернет билан таъминлашга хизмат қилган. Кейинчалик эса барча фойдаланувчилар учун очилди.
Ҳозирда Қозоғистонда Starlink интернетининг ойлик абонент тўлови қарийб 800 минг сўмни ташкил этади. Ускуналар тўплами эса тахминан 5,2 млн сўмга баҳоланмоқда.
Ўзбекистонда эса Starlink ҳали расман ишга тушмаган. Компаниянинг расмий харитасига кўра, хизматни мамлакатда 2026 йилдан бошлаб йўлга қўйиш режалаштирилган. Аввалроқ бу муддат бир неча бор ўзгартирилган эди.
Маълумот учун, Starlink – SpaceX томонидан ишлаб чиқилган глобал сунъий йўлдош интернет тизими ҳисобланади. Лойиҳа 2015 йилда тақдим этилган бўлиб, унинг асосий мақсади дунёнинг энг чекка ҳудудларини ҳам юқори тезликдаги интернет билан таъминлашдан иборат. Ҳозирда хизмат дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Starlink сунъий йўлдош алоқа хизмати Тожикистонда ишга тушган эди.
Live
Барчаси