Қирғизистонда шифокор ва ўқитувчиларга ҳужум қилганларга жиноий жазо берилиши мумкин

Олам

image

Қирғизистонда парламентга шифокорлар ва ўқитувчиларга ҳужум қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.

Бугун, 11 сентябрь куни парламент йиғилишида мамлакатнинг Соғлиқни сақлаш вазири Эркин Чечейбаев “Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тақдим этди.

Унга кўра, ходимга ўз хизмат вазифаларини бажариш вақтида ҳужум қилганлик учун жазо жорий этиш таклиф қилинмоқда. Лойиҳа соғлиқни сақлаш, таълим ва давлат хизматлари кўрсатиладиган бошқа соҳаларда ишлайдиган ходимларнинг хавфсизлиги ва қадр-қимматини сақлашга қаратилган.

“Сўнгги пайтларда тиббиёт ходимларига нисбатан ҳужум ва тажовуз ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Бу муаммонинг жиддийлигини кўрсатади. Жиноят кодексида бундай жиноятлар учун жавобгарлик белгиланмаган. Шу боис, бу ўзгаришларга эҳтиёж бор эди”, деди вазир.

Қонун кучга кирса, ўқитувчи ва шифокорларга куч ишлатганлар катта миқдорда жарима тўлашдан ташқари 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназарова мамлакатда шифокорларга ҳужум қилинишининг олдини олиш учун шифохоналарни қўриқлаш кучайтирилишини айтганди. Вазир тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузкор муносабатларга чек қўйишга чақирган. Охирги пайтларда Қарағанда шаҳрида хусусий клиника ҳамшираси ва Костанай вилоятида вилоят шифохонасининг урология бўлимида ишловчи ёш жарроҳга қилинган ҳужум алоҳида эътиборга моликлигини айтиб ўтган. Костанайдаги воқеа навбат кутишни истамаган бемор сабаб юз берган. Бемор шифокорга жиддий тан жароҳати етказган, оқибатда у ҳушини йўқотган ва ҳозирда оғир аҳволда, реанимацияда.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон ССВ шифокорлар ўқитувчилар Эркин Чечейбаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг