Шифокорларга ҳужумлар ортидан клиникаларни қўриқлаш кучайтирилади
Олам
−
18 Июль 5271 2 дақиқа
Қозоғистонда шифокорларга ҳужум қилинишининг олдини олиш учун шифохоналарни қўриқлаш кучайтирилади. Бу ҳақда бугун, 18 июль куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназарова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Вазир тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузкор муносабатларга чек қўйишга чақирган. Охирги пайтларда Қарағанда шаҳрида хусусий клиника ҳамшираси ва Костанай вилоятида вилоят шифохонасининг урология бўлимида ишловчи ёш жарроҳга қилинган ҳужум алоҳида эътиборга моликлигини айтиб ўтган. Костанайдаги воқеа навбат кутишни истамаган бемор сабаб юз берган. Бемор шифокорга жиддий тан жароҳати етказган, оқибатда у ҳушини йўқотган ва ҳозирда оғир аҳволда реанимацияда ётибди.
“Ҳар куни инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун курашаётган шифокорга қўл кўтариш учун қандай даражадаги қаттиқ юраклилик ва тажовуз керак? Бу мутлақо ақлга сиғмайдиган ҳолат. Бу жиноятдир – ўнлаб беморлар қабул қилинмаяпти, ўнлаб операциялар кечиктириляпти. Бу бутун тиббиёт тизимига зарбадир”, деган Алназарова.
Вазирга кўра, шошилинч ёрдам бўлимлари аввалдан хавфли ҳудудлар ҳисобланади, шунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда қуйидаги чораларни кўради:
Қабул бўлимлари, болалар шифохоналари ва перинатал марказларда 24 соатлик қўриқлов постлари ташкил этилади;
Барча тиббиёт муассасалари видеокузатув тизимлари, тугмача сигнализация тизими ва бошқа хавфсизлик воситалари билан жиҳозланади.
Алназарованинг айтишича, сентябрь ойида парламентга соғлиқни сақлаш ходимларига ҳужум қилганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтирувчи қонуний ўзгартишлар киритилади. Бундай ҳаракатлар оддий маиший можаро эмас, балки жамият хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланиши лозим.
Вазир, шунингдек, аҳолида шифокор меҳнатига ҳурмат ва миннатдорлик маданиятини болаликдан шакллантириш зарурлигини таъкидлаган.
Вазирнинг бундай мурожаатига сабаб 17 июлдаги воқеа бўлган. Ўша куни бемор қабулини кутаётган бир фуқаро операциядан чиққан жарроҳни кўрибоқ унга ҳужум қилган. Шифокор ҳушини йўқотган ва оғир аҳволда реанимацияга тушган. Ажабланарлиси шундаки, ҳужум қилган фуқаро кейинчалик яна тиббий ёрдамга мурожаат қилган, бироқ операциядан бош тортган.