Қирғизистонда шифохоналар етишмаяпти, мактаблар стационарга айлантирилмоқда
Олам
−
08 Июль 2020
10241Қирғизистонда каратинга олинганларни сақлаш ва коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун шифохоналар етишмаяпти. Шу боис мактаб бинолари бирламчи тиббий ёрдам кўрсатувчи марказларга айлантирилмоқда. Бугун, 8 июль куни Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков ана шундай мактаб-стационарлардан бирида бўлди.
Бишкек шаҳрида жойлашган аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган кундузги стационар 83-ўрта мактаб биносида ташкил этилган. Айни вақтда пойтахтда худди шундай 4 та шифохона фаолият юритмоқда, тез орада яна 5 таси ишга тушади.
Аҳоли ушбу стационарга маслаҳат ва дастлабки тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилиши мумкин.
“Шифохоналар – албатта, вақтинчалик муассасалар, улар кейинги вазиятга қараб фаолият кўрсатадилар. Мавжуд вазият аҳоли саломатлиги учун хавфли эканини кўрсатмоқда. Кенг қамровли замонавий клиникаларнинг етишмаслиги, айниқса, ҳозирги вазиятда кескин сезилмоқда. Бишкекда биз барча тиббий хизматларни кўрсатадиган кенг қамровли клиникани қурамиз. Давлат-хусусий шерикчилик орқали замонавий шифохона қурилишига инвестицияга киритаман деган инвесторлар бор. Худди шундай замонавий шифохоналар барча вилоят марказларида барпо этилади”, дейди Президент.
Соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги аҳволи Президент раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгаши йиғилишида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Бироқ муддат аниқ эмас. Мавжуд вазият муносабати билан уни кўриб чиқиш маълум вақтга қолдирилган.
Жээнбеков сўзида давом этаркан, айни таҳликали вазиятда ҳаётини хавф остига қўйиб, касаллик билан курашаётган шифокорларга миннатдорлик билдириб, шундай деи:
“Мен мамлакатимизнинг барча фуқаролари каби шифокорларнинг профессионаллиги ва садоқатига ишонаман. Соғлиғингизга таҳдид солаётганига қарамай, сиз ватандошларингиз саломатлиги учун ишлашда давом этяпсиз. Кўзингизда чарчоқ ва қўрқув йўқ, мен меҳр ва ишончни, одамларга ёрдам бериш истагини кўряпман. Ва бу мени илҳомлантиряпти. Ишончим комилки, биз биргаликда барча қийинчиликларни енгамиз".
Маълумот ўрнида, айни вақтда Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар 8 486 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 2 983 нафари соғайган, 112 нафари вафот этган.
LiveБарчаси