Қирғизистонда пенсиялар оширилади
Олам
−
16 Сентябрь 6578 2 дақиқа
2025 йил 1 октябрдан эътиборан Қирғизистонда пенсиялар миқдори оширилади. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси, Президенти Администрацияси раҳбари Одилбек Қосималиев аппарат йиғилишида маълум қилди.
Ҳукумат аҳоли турмуш даражасини ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлади.
“Ижтимоий контракт дастури доирасида жорий йилда 100 минг сомдан 150 минг сомга кўтарилган “Ижтимоий контракт” дастурининг ижобий самарасини алоҳида таъкидлаш жоиз. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, деди Қосималиев.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбари 2024 йилда мамлакатда қашшоқлик даражаси 25,7 фоизгача камайганини, бу 2023 йилга нисбатан 4,1 фоизга кам эканини таъкидлади.
“Қашшоқлик даражасини пасайтириш омилларидан бири аҳоли даромадларининг ошиши бўлди. 2024 йилда аҳоли жон бошига пул даромадлари 16,5 фоизга ошди. Жорий йилнинг 7 ойида ўртача ойлик иш ҳақи 42 минг 522 сомни ташкил этиб, 20,4 фоизга ўсди”, дейди у.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, саноатлаштириш доирасида жорий йилда Қирғизистон бўйлаб 67 корхона очилиб, 6 минг иш ўрни яратилган.
Бундан ташқари, Қосималиев Миллий статистика қўмитаси маълумотларига таяниб, 2025 йилнинг биринчи ярмида 159 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилганини, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,9 баробар кўп (2024 йилнинг 6 ойида 55,1 мингта иш ўрни яратилгани)ни айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ҳар йилги инфляция даражасидан юқори миқдорларда ошириб борилиши айтилганди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган 2026-2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегияга кўра, 2028 йилгача бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини йиллик инфляция даражасидан юқори даражада ошириш режалаштирилмоқда. Бу чора-тадбирлар “аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, фуқароларнинг реал даромадлари ўсишини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш” мақсадига қаратилган.
Live
Барчаси