Бекболот Талғарбеков билан бирга яна 2 киши қўлга олинди

Олам

image

Бугун, 11 февраль куни Қирғизистонда янги президентлик сайловларини ўтказиш бўйича мурожаат билан чиққан бир гуруҳ фуқароларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Уларнинг айримлари ҳибсга олинган. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб, “24.kg” хабар берди

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 9 февраль куни ижтимоий тармоқларда 75 нафар фуқаро Президент Садир Жапаров ҳамда Жогорку Кенеш раиси Нурланбек Турғунбек ўғлига мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш бўйича мурожаат йўллагани ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур мурожаатни академиклар, собиқ бош вазирлар, собиқ парламент аъзолари ва жамоат арбоблари имзолаган.

Вазирликка кўра, мурожаатдаги айрим баёнотлар жамоатчилик орасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлган ҳамда ижтимоий-сиёсий вазиятни мураккаблаштирган.

Шу асосда Ички ишлар вазирлигининг Тергов хизмати Қирғизистон Жиноят кодексининг 278-моддаси – оммавий тартибсизликлар – бўйича жиноий иш қўзғатган.

Оммавий тартибсизликларни уюштиришда гумонланиб, Эмилбек Узоқбоев, Қурманбек Дийқанбоев ва Бекболот Талғарбеков ҳибсга олинган. Улар вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев мамлакат Президенти Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод қилинганди.

Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосар Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниел Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ҳам ишдан олинган.

Қамчибек Ташиев эса соғлиғидаги муаммо сабабли Президент рухсати билан Германияга даволаниш учун боргани, ишдан олингани ҳақидаги қарор кутилмаганда юз бергани ҳақида гапирган. 

“Қандай бўлмасин, биз Президент қарорига бўйсунамиз. Мен давлатимизга, халқимизга ва Президентимизга шараф билан хизмат қилдим ва бундан фахрланаман. Шахсий таркиб билан хайрлашиш имконияти берилмагани мени бир оз хафа қилди”, деган собиқ раҳбар.

Кейинроқ эса қирғизистонлик жамоат арбоби Бекболот Талғарбеков ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олингани маълум бўлди.  

Жамшидбек Амиров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қирғизистон оммавий тартибсизлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг