Қирғизистонда навбатдаги ҳоким ҳибсга олинди
Олам
−
18 Август 6937 2 дақиқа
Қирғизистоннинг Бишкек шаҳар Первомай туман судининг 2025 йил 15 августдаги қарори билан мамлакат ИИВ Тергов хизмати терговчисининг илтимосномаси асосида Иссиқкўл тумани ҳокими Жапарбек Ўрмонов ҳибсга олинди. Бу ҳақда туман суди хабар берди.
Қайд этилишича, туман раҳбари уюшган гуруҳ, жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб содир этилган коррупция ёки оғир зарар етказишда айбланмоқда ва у жорий йилнинг 4 сентябригача ҳибсда қолади.
Амалдор Қирғизистон Жиноят кодексининг 336-моддаси (коррупция) 2-қисми билан айбланмоқда. Ушбу модда санкциясига кўра, Ўрмонов уюшган гуруҳ, жиноий жамоа манфаатларини кўзлаб жиноят содир этган ёки оғир зарар етказган бўлса, мулки мусодара қилиниб, муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 12 йилдан 15 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Маълумот учун, Жапарбек Ўрмонов 2023 йилнинг август ойида Иссиқкўл тумани ҳокими этиб тайинланган эди. Ундан олдин эса Чўлпон-Ота ҳокими, Ўш шаҳар ҳокими ўринбосари, Ўш шаҳар кенгаши депутати бўлиб ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Шопоков шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларига товар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш бўйича давлат харидларини ўтказиш тартиб-таомилларини ўтказишда коррупцияга йўл қўйганлик ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилганди. Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри ҳоким ўринбосари Таалайбек Бойгазиев ҳам пора олишда гумонланиб, ҳибсга олинганди. Шунингдек, Тўқмоқ шаҳри ҳокими Мақсад Нусувалиев ҳокимлик йиғилиши пайтида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиевнинг буйруғи билан ҳибсга олинганди.
Live
Барчаси