Қирғизистонда 50 йилда ўрмонларнинг қарийб 90 фоизи йўқ бўлиб кетди
Олам
−
18:27 404 2 дақиқа
Қирғизистон сўнгги 50 йилда ўрмон қопламининг қарийб 90 фоизидан айрилган. Бу ҳақда мамлакатнинг 2035 йилгача мўлжалланган Миллий мослашув режаси лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, ўрмонларнинг қисқариши нафақат экологик муаммо, балки сел ва кўчки хавфининг ортиши, сув ҳавзалари ҳолатининг ёмонлашиши ҳамда йўллар, кўприклар ва қишлоқ хўжалиги ҳудудларига етказиладиган зарарнинг кўпайишига ҳам олиб келмоқда.
Ҳужжатда ўрмонлар ва тоғ экотизимлари давлатнинг табиий инфратузилмаси сифатида баҳоланган. Улар тоғ ёнбағирларини мустаҳкамлаб, сув оқимини тартибга солади ва кучли ёғингарчиликларнинг вайронкор таъсирини камайтиради.
Режага кўра, 2035 йилга қадар деградацияга учраган сув ҳавзалари, ёнбағирлар ва ўрмон ҳудудларининг камида 150 минг гектарини тиклаш ёки барқарорлаштириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, устувор сув ҳавзаларининг камида 60 фоизида ўрмонларни тиклаш, ёнбағирларни мустаҳкамлаш ва табиатга асосланган бошқа чораларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, сел ва кўчки хавфи юқори бўлган ҳудудларда янги объектларни барпо этишда атрофдаги экотизимларнинг ҳолатини инобатга олиш таклиф қилинмоқда. Бундай ҳудудларда объектларни лойиҳалашдан олдин экотизимнинг табиий ҳимоя буфери баҳоланиши талаб этилади.
2035 йилгача заиф тоғ ва ўрмон экотизимларининг камида 80 фоизини мониторинг билан қамраб олиш, устувор ҳудудларда эса экотизимларни тиклаш бўйича камида 40 та намунали майдон ташкил этиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Чуй вилоятидаги баландлиги 4050 метр бўлган номсиз тоғ чўққисига “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти чўққиси” номини бериш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Live
Барчаси