Қирғизистонда 4 та пансионатнинг Ўзбекистонга ўтиши бўйича ҳужжатларни очиқлаш талаб қилинмоқда
Олам
−
22 Август 2023
8804Ҳукумат тўртта пансионатнинг Ўзбекистонга узоқ муддатли ижарага берилиши бўйича барча ҳужжатларни ошкор қилиши керак. Бу талабни Қирғизистонда Кампиробод иши бўйича судланувчилардан бири Равшан Жээнбеков илгари сурмоқда.
Сиёсатчи Facebook ижтимоий тармоғида йўллаган мактубида ер, давлат ва ҳокимият эгаси қирғиз халқи эканлигини таъкидлаган. Халқ қабул қилинаётган қарорлар, айниқса, ерга оид масалаларни билиш ҳуқуқига эга.
“Кампиробод Қирғизистоннинг мулки эди. Ҳокимият халқни алдаб, фактларни бузиб, Ўзбекистонга бериб юборди. Тўртта пансионатнинг ўтказилиши кўплаб саволлар туғдирмоқда”, деб ёзади Равшан Жээнбеков.
Шунинг учун, унинг фикрича, ҳукумат қуйидагиларни кўрсатиши керак:
• Вашингтон судининг қарори;
• Қирғизистон ва Ўзбекистон томонлари ўртасида келишув битими тўғрисидаги қарор;
• тўртта пансионатни 49 йилга бериш тўғрисидаги шартнома ва унинг шартлари.
Бундан аввал “Кампиробод иши” судланувчилари Иссиқкўлдаги тўртта пансионатнинг Ўзбекистон инвесторларига берилиши юзасидан Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга мурожаат қилиб, ҳокимиятдан ер тақсимотини тўхтатишни талаб қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг Иссиқкўл соҳилида жойлашган “Дилором”, “Золотые пески”, “Роҳат” ва “Бўстон” пансионатлари 49 йил давомида Ўзбекистон тасарруфига ўтди. Мазкур 4 та пансионат СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистон томонининг мулки бўлиб қолган, бироқ 2016 йил апрелида давлатлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашгани фонида Темир Сариев бошчилигидаги ҳукумат объектларни миллийлаштирган. Дам олиш масканларининг номлари қирғиз тилига таржима қилиниб, “Роҳат” – “Олтин-Жай ”, “Дилором” – “Энесай”, “Золотые пески” – “Бостери” деб ўзгартирилган. Аммо “Бўстон” пансионатининг номи ўзгаришсиз қолган.
Ўзбекистон бу қарорга жавобан халқаро арбитражга даъво аризаси киритган.
2017 йилнинг декабрида Сапар Исоқов бошчилигидаги Қирғизистон ҳукумати Бишкек тўртта пансионатни Ўзбекистонга беришга қарор қилгани, бироқ ерни ўзида сақлаб қолаётгани ҳақида хабар берган. Бунинг эвазига Ўзбекистон пансионатларга сармоя киритиши ва халқаро арбитраждан даъвосини қайтариб олиши керак эди. Аммо 2019 йил 8 май куни ҳукумат матбуот хизмати Сапар Исоқов ва Ўзбекистон ўртасидаги келишув имзоланмаганини айтган.
2020 йилда Қирғизистон ҳукумати “Золотые пески”, “Роҳат” ва “Дилором” давлат пансионатларини хусусий мулкка ўтказиш ниятида эканлигини маълум қилган. 2022 йилнинг апрель ойида эса Давлат мулкини бошқариш жамғармаси суд жараёнлари давом этаётганини, бироқ музокаралар фаоллашганини маълум қилди.
Пансионатларнинг Ўзбекистонга ўтиши ҳақида Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров шундай тушунтириш берди:
“Жорий йилнинг май ойида суд қарори қабул қилинди. Унга кўра, Қирғизистон томони Ўзбекистонга 40 миллион доллардан кўпроқ тўлаши керак. Биз Ўзбекистон билан музокаралар олиб бориб, объектларни 49 йил ижарага беришга келишиб олдик”.
Шунингдек, Жапаров Қирғизистон ҳукуматининг 2016 йилда Иссиқкўл вилоятида жойлашган “Роҳат”, “Золотие пески”, “Бўстон” ва “Дилором” пансионатларини Ўзбекистондан тортиб олиш тўғрисидаги қарорини популистик деб атаган:
“Ўшанда архив ҳужжатларини ўрганиш ва бу объектларнинг келажаги ҳақида ўйлаш керак эди. Агар халқаро судда бундай ҳаракат билан ютқазмаслигимиз учун кафолатлар бўлса, бу мақсадга мувофиқ бўларди”.
Жорий йилнинг 8 августида эълон қилинган Global Arbitaj Review ҳисоботига кўра, расмий Бишкек АҚШ судига инвестиция можароларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказнинг Қирғизистон Иссиқкўл қирғоқларида жойлашган тўртта пансионатни миллийлаштиргани муносабати билан Ўзбекистондаги инвесторларга 33 миллион доллар тўлаши ҳақидаги қарорини бекор қилиш талаби билан мурожаат қилган.
Жапаровнинг таъкидлашича, пансионатлар яроқсиз ва Қирғизистон кўтара олмайдиган катта сармояларни талаб қилади:
“Агар сиз ушбу тўртта пансионатни сотмоқчи бўлсангиз, ҳеч ким уларни, 40 миллион доллар у ёғда турсин, 4 миллион долларга ҳам олмайди. Майли, атиги 5-10 йилга ижарага берса бўларди, дейиш эса жаҳолат. Чунки тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналарни қуришнинг ўзига 5-10 йил кетади. Ҳеч бир давлат ўз инвестицияларини тўлаш кафолати бўлмаса, катта маблағ киритишга рози бўлмайди”.
Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш агентлигининг аниқлик киритишича, қурилаётган “Золотие пески”, “Дилором”, “Роҳат” пансионатлари ҳамда “Бўстон” объекти ўзбекистонлик инвесторларга узоқ муддатли фойдаланиш учун 49 йилга, ер участкалари эса ижара асосида ўтказилмоқда. Бунинг эвазига инвесторлар объектларни реконструкция қилади ва уларни уч ёки тўрт юлдузли даражага олиб чиқади. Пансионат ходимларининг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиши керак.
Бунда:
• “Золотие пески” пансионати “Тошкент механика заводи” акциядорлик жамияти тасарруфига;
• “Дилором” пансионати – “Асакабанк” акциядорлик жамиятига;
• “Роҳат” пансионати – “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки” акциядорлик жамиятига;
• қурилиши тугалланмаган “Бўстон” объекти эса – “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик жамиятига берилади.
Ҳар бир объект учун тахминий сармоя миқдори 15-20 миллион долларни ташкил қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь