Қирғизистон ЕИ санкцияларидан хавотирда
Олам
−
15:33 1778 3 дақиқа
Қирғизистон Европа Иттифоқининг санкциялар сиёсатидан жиддий хавотирда. Бир томонлама чеклов чоралари Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ва минтақа давлатларининг европалик шериклар билан савдо, молиявий ва инвестициявий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 11 февраль куни Берлинда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Германия” форматидаги Ташқи ишлар вазирлари учрашувида Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жеэнбек Кулубаев сўз очган.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида ёзилишича, Қирғизистон Республикаси ўзининг халқаро мажбуриятларига қатъий риоя қилмоқда, Европа Иттифоқидаги шериклар билан санкциявий чекловларни четлаб ўтиш билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича биргаликда очиқ ва конструктив мулоқот олиб бормоқда.
“Шу нуқтаи назардан, у Қирғизистон Республикаси Европа Иттифоқи ва унинг аъзолари билан тенг, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорликка тайёрлигини билдирди, бу эса бир томонлама санкциялар босимидан фарқли ўлароқ, кўпроқ ўзаро манфаатли мақсадларга эришиш имконини беради”, дейилади ТИВ ахборотида.
Тадбирда Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, шунингдек, Германия Федератив Республикаси ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирок этган. Учрашув иштирокчилари савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда "Марказий Осиё – Германия" форматидаги мулоқотни янада мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиққан.
Санкция босими хронологияси
Россияга қарши чекловларни четлаб ўтишда гумон қилинаётгани сабабли бошқа давлатлар, жумладан, Қирғизистон компаниялари ҳам Европа Иттифоқи ва АҚШ санкциялари остида қола бошлади.
2025 йил ноябрь ойида “Капитал банк Марказий Осиё” ва А7 трансчегаравий ҳисоб-китоблар платформаси Канада санкциялари остида қолди.
2025 йил октябрь ойида Европа Иттифоқи Қирғизистоннинг иккита банки – “Толубой” ва “Евроосиё жамғарма банки”ни санкциялар рўйхатига киритди.
2025 йил август ойида Қирғизистоннинг “Капитал Банк Марказий Осиё” ва криптовалюта биржалари Grinex (илгари буни АҚШ амалга оширган) ва Meer Британия чекловлари остида қолди.
2025 йил февраль ойида илгари АҚШ рўйхатига киритилган “Keremet Bank” Буюк Британия чекловлари остида қолди.
Қирғизистоннинг бир нечта хусусий компанияларига қарши дастлабки санкциялар 2024 йил июнь ойида АҚШ ва Буюк Британия томонидан жорий этилган эди.
Қирғизистон банкларга қарши санкцияларнинг асоссизлигини бир неча бор таъкидлаган. Президент Садир Жапаров 2025 йилда БМТ минбаридан туриб Ғарбни республикага қарши санкциялар учун танқид қилган эди. У асоссиз санкцияларни мамлакатнинг ички ишларига аралашиш ва эндигина шаклланаётган иқтисодиётнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи босим деб атади.
Live
Барчаси