Қирғизистон ва Тожикистон қарийб 18 км чегара бўйича келишувга эришди
Олам
−
08 Ноябрь 2023
38161-8 ноябрь кунлари Тожикистоннинг Сўғд вилояти Бўстон шаҳрида Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегацияларининг қирғиз-тожик чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича топографик ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда “АКИpress” хабар берди.
Маълум қилинишича, топографик ишчи гуруҳлар Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг 17,98 кми бўйича келишиб олган. Учрашув якунлари бўйича тегишли баённома имзоланган.
Томонлар Қирғизистон ҳудудида бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашувда қолган ҳудудларни тавсифлаш устида ишлашни давом эттиради.
Маълумот учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги қарийб 980 км. 2002 йилнинг декабрь ойидан бошлаб уни делимитация қилиш (давлат чегарасини унинг ўтиш жойини тавсифлаш ва харитада чизиш) бўйича музокаралар давом этмоқда. Ҳозирги вақтда чегара чизиғининг учдан икки қисмидан кўпроғи аниқланган ва давлатлар томонидан ўзаро тан олинган, қолган участкалар баҳсли ҳисобланади.
Ушбу муаммони ҳал этмаслик икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида, шу жумладан ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ низоларга сабаб бўлган. Икки давлат вакиллари ўртасида чегарани делимитация қилиш бўйича сўнгги учрашув октябрь ойи бошида бўлиб ўтган, ўшанда ҳукумат делегациялари чегаранинг 43 км дан ортиқ қисмини келишиб, протокол имзолаган эди.
LiveБарчаси