Қирғизистон Тожикистон билан чегара масаласини тинч йўл билан ҳал қилмоқчи
Олам
−
23 Ноябрь 2023
3287Қирғизистон ва Тожикистон икки давлат ўртасидаги чегара чизиғини аниқлаштириш масаласида муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилиш даражасига етган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров бугун, 23 ноябрь куни Қирғизистон парламентида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Вазирлар Маҳкамаси раиси, Президент Администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров Олий Кенгаш мажлисида давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди. Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация қилиш жараёни якунлангани, қирғиз-тожик давлат чегарасини аниқлаштириш икки давлат ўртасидаги дипломатия йўлига ўтганини айтди”, дейилади Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати баёнотида.
Ҳозирда Қирғизистон фақат Тожикистон билан чегаранинг умумий участкасини делимитация ва демаркация қилиш тартибини якунламади. Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан бу жараён якунланган. Қирғиз-Тожикистон чегарасининг узунлиги 900 км дан ошади, баҳсли ҳудудлар мавжудлиги сабабли томонлар ўртасида вақти-вақти билан низолар, шу жумладан қурол ишлатиш ҳолатлари кузатилган. Айни пайтда чегара чизиғининг учдан икки қисмидан кўпроғи аллақачон келишилган.
Жапаров, шунингдек, республика хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётганини билдирган.
“Икки йил давомида чегара хизматига 20 миллиард сўмдан ортиқ (тахминан 224 миллион доллар) маблағ ажратилди, қурол-яроғ, учувчисиз самолётлар ва оғир зирҳли техникалар харид қилинди”, деган Бош вазир.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Қирғизистон биринчи марта зенит-ракета тизимини қўлга киритди, ҳозирда мамлакатда “ҳаво ҳужумидан мудофаа”ни таъминлайдиган 10 та вертолёт ва 1 та самолёт жанговар шай ҳолатда.
“Ички ишлар вазирлиги орқали ҳар бир ички ишлар бўлимига планшетлар ва тана камералари харид қилинди. Ҳудудларга 143 та техника, жумладан, енгил автомобиллар, 20 та “Ураган” мобиль автокомплеклари етказиб берилди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 800 дан ортиқ видеокамералар ўрнатилди”, дейди у.
Маълумот учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги қарийб 980 км. 2002 йилнинг декабрь ойидан бошлаб уни делимитация қилиш (давлат чегарасини унинг ўтиш жойини тавсифлаш ва харитада чизиш) бўйича музокаралар давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг кузида Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида қуролли можаро кузатилганди. Унда 60 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
LiveБарчаси