Қирғизистон дори ишлаб чиқаришни тўхтатиши мумкин
Олам
−
19 Февраль
3090Қирғизистон Республикаси 2026 йилдан дори ишлаб чиқаришни тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 19 февраль куни Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган давра суҳбатида маълум қилинди.
Билдирилишича, Қирғизистонда маҳаллий ишлаб чиқарилган дори воситаларининг улуши жуда паст бўлиб, тахминан 2-3 фоизни ташкил этади. Фармацевтика ва тиббий фаолият қўмитаси вакилларининг сўзларига кўра, маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқарувчиларнинг фаолияти 2026 йил бошида тўхтатилиши мумкин.
Бу қарорнинг асосий сабаблари дори ишлаб чиқарувчи корхоналар гувоҳномаларининг амал қилиш муддати тугаши, шунингдек, рўйхатга олиш маълумотларини Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) талабларига мувофиқлаштириш учун вақт йўқлиги ва бошқа масалалар билан боғлиқ.
Таъкидланишича, Қирғизистон Республикасида жами 6 мингга яқин дори воситалари миллий тартиб асосида рўйхатга олинган. Улардан, 2025 йил февраль ҳолатига кўра, фақат 200 таси ЕОИИ талабларига жавоб бера олади холос. Бу 2026 йилда дори воситалари билан боғлиқ жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.
Евросиё иқтисодий иттифоқига кирувчи мамлакатларнинг йирик фармацевтика бирлашмалари Россия ҳукуматидан дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини ЕОИИ қоидаларига мувофиқлаштириш жараёнларини тезлаштиришни сўраб, 2026 йил 1 январдан ЕОИИга аъзо мамлакатлар аҳолисини дори воситалари билан таъминлашда узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Республикасида истиқомат қилувчи шахслар томонидан Ўзбекистон ҳудудига давлат чегараси орқали 87 турдаги ноқонуний дори воситаларини ўтказаётган пайтда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда божхона органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Бунёд Келдибоев
LiveБарчаси