Қирғизистон чет эл фуқаролари учун чегараларни очмоқчи

Олам

image

Қирғизистонда чет эл фуқароларини қабул қилишни босқичма-босқич қайта тиклаш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди. Айрим тоифадаги чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Қирғизистонга кириш ҳозирдан соддалаштирилди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар бермоқда. 

Жорий этилган ўзгаришларга кўра, Қирғизистонга қуйидаги тоифага мансуб фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар киришлари мумкин:

•    хорижий давлатлар фуқаролари ва Қирғизистон Республикаси университетларида таҳсил олаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар (ўқиш жойидан маълумотнома асосида);

•    Қирғизистон Республикасида доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

•    Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги тиббий муассасаларга даволаниш учун йўл олган хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (ҳужжат билан тасдиқланган ҳолда);

•    яқин қариндошларнинг дафн маросимига борадиган хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (яқин қариндошлик алоқалари ва ўлим фактлари ҳужжатли равишда тасдиқланиши шарт).

"Бундан ташқари, коронавирус тарқалиши билан боғлиқ оқибатларни минималлаштиришга қаратилган иқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида хорижий давлатлар фуқароларини ўтказишни босқичма-босқич тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди", дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, эпидемиологик вазият барқарорлашишига қараб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар ойда икки марта (биринчи ва ўн бешинчи саналарда) қайта кўриб чиқиладиган тегишли мамлакатлар рўйхатини тасдиқлайди.

Рўйхатга киритилган чет элликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Қирғизистон чегарасини кесиб ўтишлари мумкин.

Қирғизистон ҳукумати COVID-19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий йил март ойида мамлакатга чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар киришига чеклов ўрнатган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг