Қирғизистон билан чегарадаги отишмаларда Тожикистондан қанча одам ҳалок бўлгани очиқланди

Олам

image
0:00
0:00
download

Тожик-қирғиз чегарасида юз берган можарода 60 дан ортиқ Тожикистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тожикистон Демократик партияси етакчиси, парламент қуйи палатаси депутати Сайжафар Усмонзода ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

“Қирғиз томонининг ҳужумлари Тожикистон чегарасидан 300 километр узоқликдаги олти туманда давом этди. Бу ҳужумлар натижасида Тожикистоннинг 60 дан ортиқ аҳолиси ҳалок бўлди, юзлаб одамлар яраланди”, дейди у.

Усмонзода мамлакат ҳукуматига “шаҳидлар руҳини ҳурмат қилиш учун” 20 сентябрни Миллий мотам куни деб эълон қилишни таклиф қилди.

Тожикистон Демократик партияси 1990 йилда рўйхатга олинган бўлиб, Тожикистоннинг яқин тарихидаги биринчи муқобил партиядир. Бу Тожикистон парламентида вакиллик қилувчи олтита сиёсий партиядан биридир.

Аввалроқ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можаро чоғида 38 га яқин мамлакат аҳолиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Тожикистон ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида жанглар 14 сентябрь куни бошланди ва икки давлат ўртасидаги умумий чегаранинг бутун периметри бўйлаб олиб борилди. 16 сентябрь куни Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ўт очишни тўхтатиш ва можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш бўйича келишиб олди. Бироқ, ўша куни кечқурун ҳарбий ҳаракатлар яна бошланди ва 17 сентябрь куни умумий чегаранинг алоҳида участкаларида давом этди.

Умумий ҳисобда Бишкек ва Душанбе уч марта ўт очишни тўхтатишга келишди. Аммо сулҳлар узоқ яшамади.

Тожикистон томонига кўра, Қирғизистон чегарадаги тожик аҳоли пунктларига дрондан ҳужум уюштирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

қирғиз-тожик чегараси

Баҳолаганлар

367

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг