Қирғизистон 3,5 тонна пистани Ўзбекистонга қайтарди
Жамият
−
14 Август 30590 1 дақиқа
Ўзбекистондан Қирғизистонга юборилган 3,5 тонна писта қадоғида мажбурий белгилар бўлмагани учун жўнатувчига қайтарилди. Бу ҳақда Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Билдирилишича, жорий йил 11 август куни Қирғизистон Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги ҳузуридаги Кимёлаштириш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини департаменти томонидан давлат чегарасининг Қирғизистон-Ўзбекистон участкасидаги “Дўстук” назорат-ўтказиш пунктида назорат тадбирлари ўтказилган. Текширув давомида Ўзбекистондан Қирғизистонга карантин фитосанитария талабларини бузган ҳолда умумий оғирлиги 3,5 тоннани ташкил этувчи писта олиб кирилгани аниқланган.
“Карантиндаги маҳсулотларнинг қадоқларида мажбурий белгилар бўлмагани боис юк жўнатувчига қайтарилган”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, вазирлик ҳар куни Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан олиб юриладиган қўл юкларининг ўсимликлар карантини соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаслиги билан боғлиқ ўртача беш-олтита ҳолат қайд этилишини билдирди. Маълум қилинишича, 2025 йилнинг июль-август ойларида 60 та шундай ҳолат қайд этилиб, уларнинг барчаси бўйича тегишли далолатномалар тузилган.
Вазирлик карантин зараркунандалари ва ўсимлик касалликларини олиб кириш ва тарқалишининг олдини олиш учун фитосанитария талабларига қатъий риоя қилиш зарурлигини эслатиб ўтган.