Қирғизистон 14 тонна қовунни Ўзбекистонга қайтариб юборди
Жамият
−
24 Февраль 20004 1 дақиқа
Ўзбекистондан экспорт қилинган 14 тонна қовун сомон устида ташилаётгани сабабли Қирғизистонга киритилмади. Бу ҳақда “Economist” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Жалолобод ҳудудий бошқармасининг кимёвий ҳимоя, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантин бўлими ходимлари “Кен-Сай” назорат-ўтказиш пункти орқали маҳсулот олиб киришда фитосанитария талабларининг бузилганини аниқлаган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистондан Жалолобод вилоятига йўл олган юк машинаси 14 тонна қовун олиб кетаётган бўлган. Текширув чоғида қовунларнинг сомон “ёстиқча”сида ташилаётгани аниқланган, бироқ бу фитосанитария сертификатида кўрсатилмаган.
Таъкидланишича, сомон юқори фитосанитария хавфига эга маҳсулот ҳисобланиб, унда амброзия, ғорчак ва повилика каби бегона ўтларнинг уруғлари бўлиши мумкин. Унинг олиб кирилиши ҳужжатларда мажбурий равишда кўрсатилиши ва хавфсизлиги тасдиқланиши лозим.
Карантин фитосанитария талабларининг бузилиши сабаб бошқарма ходимлари назорат далолатномаси расмийлаштириб, юкни қайтариш бўйича кўрсатма берган. Барча маҳсулотлар инспекторлар назорати остида жўнатувчига қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Павлодар шаҳридан келаётган картошка ортилган вагон текширув ишлари юзасидан Ўзбекистон билан чегарада 10 кун ушлаб қолингани оқибатида чириб қолгани маълум қилинганди. Сўнг ушбу картошка маҳсулотлари Ўзбекистон сотув расталарига йўналтирилганди.
Live
Барчаси