Қирғиз-тожик чегарасида можаро: одамлар бир-бирини тошбўрон қилди
Олам
−
28 Апрель 2021
16549Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Тожикистон билан чегара ҳудудида қирғиз ва тожик фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиқди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, можаро тожик томонининг Оқсой овули Кўк-Тош қишлоғидаги устунларга видеокузатув камераларини ўрнатишга қарор қилганидан кейин бошланган.
Хабарга кўра, электр устунлари туман сув хўжалиги бошқармасига тегишли бўлиб, “Головной” сув тақсимлаш пункти яқинидаги ҳудудни ёритиш учун ўрнатилган. Икки томондан одамлар тўпланиши натижасида Қирғизистон ҳарбийлари воқеа жойига етиб келган. Ҳозир чегарадаги вазият нисбатан барқарор.
“Ҳодиса куннинг иккинчи ярмида бошланганди. Ҳозир одамлар бир-бирига тош отишни тўхтатди. Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти ва Тожикистон Республикасининг Исфара вилояти ҳокимлари ўртасида музокаралар олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, апрель ойи ўрталарида тожик-қирғиз чегара ҳудудида икки давлат аҳолиси ўртасида жанжал келиб чиққани хабар қилинганди. Можарога Қирғизистоннинг икки давлат учун ҳам муҳим бўлган сув тақсимлаш иншооти олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлганди.
LiveБарчаси