Қирғиз сиёсатчиси КХШТнинг янги Бош котиби бўлди
Олам
−
27 Ноябрь 2489 2 дақиқа
Бугун, 27 ноябрь куни Бишкекда ўтган Коллектив хавфсизлик кенгаши йиғилиши якунлари бўйича Таалатбек Масаадиков номзодини КХШТ Бош котиби лавозимига тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда ташкилотнинг амалдагӣ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов КХШТ саммити якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Масаадиков халқаро соҳада ҳам, хавфсизлик масалаларида ҳам катта тажрибага эга.
“Айтишим керакки, Таалатбек Шамудинович икки йилдан буён КХШТ Бош котиби ўринбосари сифатида фаолият юритиб келяпти. У халқаро соҳада, айниқса хавфсизлик ва халқаро ҳамкорлик йўналишларида жуда катта тажрибага эга”, деди Тасмагамбетов.
Унинг сўзларига кўра, Масаадиков раҳбарлиги остида ташкилот динамик ривожланишни давом эттиради ва халқаро хавфсизлик тизимидаги позицияларини янада мустаҳкамлайди.
“Унинг минтақавий хавфсизликка таҳдидлар ва чақириқларни чуқур билиши, албатта, КХШТнинг тамойил ва мақсадларига садоқати ташкилот котибиятининг самарали фаолият юритишини таъминлайди”, дея қўшимча қилди Тасмагамбетов.
Таалатбек Масаадиков 2026 йил 1 январдан бошлаб КХШТ Бош котиби лавозимига киришади.
“Конфликтлар КХШТ чегараларига яқинлашмоқда, Ғарб эса гибрид урушлар ва дезинформациялардан фаол фойдаланмоқда. Биз реакция қилишга эмас, балки олдиндан тахлил қилишга урғу берамиз”, дейди янги Бош котиб.
Маълумот учун, Масадиков халқаро муносабатлар соҳаси бўйича эксперт. У 2024 йил январда КХШТ Бош котиби ўринбосари лавозимига тайинланган эди.
У 1961 йил январда туғилган. 1984 йилда Москва давлат халқаро муносабатлар институтини “халқаро муносабатлар” мутахассислиги бўйича тамомлаган, 1991 йилда Москва давлат университетида афғон адабиёти бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2000–2002 йилларда Лондон Иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактабида докторантурада ўқиган.
Турли йилларда Афғонистонда совет мутахассислари гуруҳи таркибида ишлаган, Қирғизистоннинг хорижий инвестициялар бўйича Давлат қўмитасида бош директор ўринбосари бўлган, Американинг Қирғизистондаги университетида ўқитувчи ва раҳбар лавозимларида ишлаган.
2002–2014 йилларда БМТ тизимида фаолият юритган: сиёсий маслаҳатчи, минтақавий офислар раҳбари ва БМТнинг Афғонистонга кўмак миссияси сиёсий директори бўлган. 2016 йилда Токио университетида меҳмон профессор сифатида Афғонистонда тинчлик жараёни ва минтақавий хавфсизлик бўйича маърузалар ўқиган. 2017 йилда Қирғизистон президенти лавозимига номзод бўлган. 2021 йилда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари этиб тайинланган, 2022–2023 йилларда президентнинг махсус вакили бўлиб ишлаган.
Таалатбек Масаадиков оилали, уч фарзанди ва уч набираси бор. Қирғиз, рус, инглиз ва пушту тилларини эркин гаплаша олади.
Live
Барчаси