“Қирғин” давом этади. Тошкентда тарихий “Наврўз” қабуллар уйи бузиб ташланди
Жамият
−
09 Апрель 2021
14069Пойтахт Тошкент марказидаги тарихий бино – “Наврўз” қабуллар уйи бузиб ташланди. Ушбу бинони “қириш” ишлари кеча, 8 апрель куни бошланган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида берилган топшириқлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ Миллий боғ ҳудудида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейининг янги биноси, янги Миллий драма театр биноси, машҳур япониялик архитектор Тадао Андо лойиҳаси асосида Давлат санъат музейининг намойишлари комплекси, ёш олимлар, ёшлар ва китоб ихлосмандларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган, илм-фан ва санъатнинг турли соҳаларига оид босма ва электрон даврий нашрларнинг улкан салоҳиятига эга бўлган ҳамда 1,5 млн дона китоблар фондини ўз ичига олган улкан Кутубхона биноси қуриш ишлари бошланган.
2020 йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги янги қурилиш лойиҳалари билан танишган эди. Ўшанда пойтахт Тошкентдаги кўп йиллик тарихга эга “Наврўз” қабуллар уйи [ресторани] Давлат иштирокидаги корхоналарни соғломлаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш марказига айлантирилиши белгиланганди.
Президентга тақдимотда, ушбу мажмуа капитал таъмирланиб, Давлат иштирокидаги корхоналарни соғломлаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш маркази ташкил этиш режалаштирилгани, бу ерда тадбиркорларга маълумотлар очиқ ва шаффоф тарзда тақдим этилиши айтилганди.
Маълумот ўрнида, бугунгача “Наврўз” қабуллар уйидан давлат миқёсидаги йирик тантанали маросимларни ўтказишда фойдаланиб келинган. Қабуллар уйи, шунингдек, тўй маросимлари учун ҳам хизмат кўрсатган.
LiveБарчаси