Қибрайлик аёл фарзандини таксида дунёга келтирди
Жамият
−
04 Июль 2022
8923Тошкент вилояти Қибрай туманидаги поликлиника шифокори автомобилда шошилинч туғуруқни амалга оширди. Ҳозир она-боланинг аҳволи яхши. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қибрай туманининг Чинобод кўчасидан машинага чиққан ҳомиладор аёлда кутилмаганда тўлғоқ бошланган. Унга ҳамроҳ бўлган қайнонаси узоқдан тиббиёт муассасаси биносига кўзи тушиб, такси ҳайдовчисига ўша ерга олиб боришини айтган.
Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Улуғбек шаҳарчаси 1-сон поликлиникаси ҳудудига Matiz автомобилида олиб келинган ҳомиладор аёлга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишга киришилган.
“Бу вазиятда ҳар бир сония ҳисобли эди. Туғуруқ жараёни эса аллақачон бошланган. Шошилиш зарур! Аслида оилавий поликлиника гўдакни дунёга келтириш учун мўлжалланмаган бўлса-да, аёлни шундоққина рўпарадаги ушбу муассаса биносига олиб ўтишга ҳам фурсат етмади. Поликлиника мудираси Ҳилола Жамилова (суратда) ўта тезкорлик билан бутун масъулиятни зиммасига олиб, автомобилнинг ўзида аёлга доялик қилишга киришди”, дейилади хабарда.
Мутахассислиги акушер-гинеколог бўлган мудира ва унинг жамоаси саъй-ҳаракати ва қатъияти сабабли туғуруқ муваффақиятли амалга оширилган. Шундан сўнг она ва бола соғлом ҳолда поликлиникага энг яқин ҳисобланган Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги туғуруқ комплексига мутахассис ҳамроҳлигида олиб борилган.
Хабарга кўра, ҳозир она-боланинг аҳволи яхши, улар саломатлиги туғуруқ комплекси шифокорлари назорати остида.