Қайси вилоятларда коррупцион жиноятлар оқибатида давлатга энг кўп зарар етказилган?
Жамият
−
20 Сентябрь
73002023 йилда судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари таҳлили коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келганини, коррупцияга оид жиноятлар сони Сурхондарё ва Андижон вилоятларида ортганини кўрсатди. Бу ҳақда кеча, 19 сентябрь куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2023 йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берган. Муҳокамада сенаторлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида айрим камчиликлар сақланиб қолаётганлиги ҳам таъкидланди.
Хусусан, 2023 йилда республика бўйича судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари таҳлили коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келганини, коррупцияга оид жиноятлар сони Сурхондарё ва Андижон вилоятларида ортганини кўрсатган.
Коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича судланган шахсларнинг аксарияти мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, тижорат банклари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳамда ҳокимликлар ходимлари экани таъкидланган.
Шунингдек, ички назорат тузилмаларини ташкил этишда айрим давлат идоралари томонидан камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, ички назорат тизими жорий этилган давлат идораларининг 37 тасида ташкил этилган 996 та штат бирлигидан 172 таси (17,2 фоиз) вакант бўлса, 6 та ташкилотнинг 35 нафар ходимига қўшимча вазифалар юкланган. Шу билан бирга, 20 та давлат ташкилотида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган, 13 тасида ички назорат тизими самарали фаолият кўрсатмаяпти.
Муҳокама жараёнида Сенат аъзолари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлар билдирилган.
LiveБарчаси