Қатарда туҳмат сабаб ҳибсга олинган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди

Жамият

image

Қатарнинг Доҳа шаҳрида қийин аҳволда қолган ўзбекистонлик фуқаро мамлакатга қайтди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди. 

Маълум қилинишича, 2024 йил май ойида Қатарга ишлаш мақсадида борган Х.Н. иш берувчининг ёлғонлардан иборат аризаси асосида Қатар қонунчилигининг бир неча моддаларини бузганликда айбдор деб топилгани ва ҳибсга олингани боис амалий ёрдам сўраб элчихонага мурожаат қилган.

Билдирилишича, у 2024 йилда Доҳа шаҳрига гўзаллик салонида ишлаш мақсадида келган. 2024 йил август ойида фуқаро иш берувчининг турли сабабларни рўкач қилиб, гўзаллик салони ҳудудини тарк этиш талабидан кейин вақтинча яшаш учун меҳмонхонага жойлашади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай маҳаллий полиция ходимлари уни қочоқ ва ўғриликда гумон қилиб қўлга олади.

Қийин вазиятда қолган фуқаро ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон дипломатлари томонидан унга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган, вақтинча тураржой ва озиқ-овқат билан таъминланган.

Суриштирувлар давомида унга иш берувчи томонидан туҳмат қилингани, кафил рухсатисиз қочгани ва ўғирликни содир этгани сабабли 1 йиллик жазо муддатини ўтамагунча Қатар ҳудудини тарк эта олмаслиги маълум бўлган.

Қатар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тегишли органлари билан олиб борилган музокаралар ва суд эшитувлари жараёнларида дипломатлар иштироки таъминланган. 8 ой давомида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 1 йил муддатга жазони ижро этишга ҳукм қилинган фуқаро Х.Н. суд залидан айбсиз деб топилиб, озод қилинган. Шунингдек, унга Қатар ҳудудини тарк этиш бўйича қўйилган барча тақиқлар олиб ташланган.

Жорий йил 5 март куни дипломатлар кўмагида у Доҳа-Тошкент йўналишидаги тўғридан тўғри ҳаво қатнови орқали Ўзбекистонга қайтарилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Владивосток шаҳрида оғир тан жароҳати олган Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қатар Доҳа шаҳри ўзбекистонлик фуқаро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг