Қатар эронлик учувчиларни асирга олди
Олам
−
20:22 2047 2 дақиқа
Жорий йилнинг март ойида уч нафар эронлик учувчи Су-24 қирувчи самолётлари ҳалокатга учраганидан сўнг Қатар ҳарбийлари томонидан асирга олинган. Бу ҳақда Эрон Қуролли кучлари Бош штабининг Йўқолганларни қидириш қўмитаси раҳбари Муҳаммад Боқирзода маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Жавод Солиҳий, Абдулмажид Даштийон ва Амрон Беҳрўзиён олти ойдан бери Қатарда асирликда ушлаб турилибди. Боқирзоданинг айтишича, Қатар расмийлари шу кунгача учувчиларга қариндошлари ёки ваколатли вакиллари билан боғланишга рухсат бермаган.
“Жангoвар парвоз давомида март ойида бомбардимончи самолётлар ҳалокатга учраганидан сўнг Су-24 самолётининг уч нафар учувчиси Қатар қуролли кучлари томонидан асирга олинди”, дейилади Боқирзоданинг IRIB давлат телерадиокомпанияси томонидан келтирилган баёнотида.
У Халқаро Қизил Ярим Ой жамиятини имкон қадар тезроқ учувчилар билан учрашишга, уларнинг соғлиғи ҳолатини текширишга ва озод қилинишига кўмаклашишга чақирган.
CNN телеканалининг хабар беришича, март ойида Эрон ва АҚШ ўртасидаги низо пайтида Эроннинг иккита Су-24 фронт бомбардимончи самолёти Яқин Шарқдаги энг йирик Америка ҳарбий базасига зарба беришига “икки дақиқа” қолганида Қатар Ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уриб туширилган.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Америка қўшинлари Эроннинг қоқ марказидан АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг уриб туширилган учувчисини қутқариб олган эди. У 3 апрель куни Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан йўқ қилинган F-15E самолётининг иккинчи учувчиси эди. Қутқарув операцияси давомида америкаликлар Исфаҳон шаҳри яқинига тахминан бир рота махсус топшириқли кучларни ташлаган.