Қашқадарёга лойиҳа менежери тайинланди. Вилоятда 50 минг иш ўрни яратилади
Жамият
−
13:19 1055 2 дақиқа
Қашқадарё вилоятига лойиҳа менежери тайинланди. Унга ва бошқа масъулларга 20 миллиард долларлик лойиҳалар ва 50 минг иш ўрнини қамраб оладиган уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди. Бу ҳақда бугун, 22 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Қашқадарёда йилнинг тўққиз ойида саноат 8,4 фоиз, хизматлар 16,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,9 фоизга ўсган. Шу билан бирга, давлат раҳбари ҳозирги натижалар билан вилоятнинг мавжуд салоҳияти ўртасида ҳали катта фарқ борлигини кўрсатиб ўтган.
Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари бўйича вилоят республикада еттинчи, хизматлар бўйича тўққизинчи, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш ҳажми бўйича ўн биринчи ўринда. Президент туман ҳокимлари ва банклар “билимга – рағбат, меҳнатга – имконият, ташаббусга – мадад” берадиган муҳит яратса, Қашқадарё бир-икки йилда энг илғор ҳудудлар қаторига чиқиши мумкинлигини таъкидлаган.
Саноатда янги босқичга ўтиш учун вилоятда етарли ресурс бор. Газ, электр ва ерости бойликларини даромадли иш ўринлари ҳамда юқори қўшилган қийматга айлантириш вазифаси қўйилган.
GTL заводида қиймати 300 миллион доллар бўлган учта йирик лойиҳа тайёр. Заводдан олинадиган 430 минг тонна нафта асосида янги полимерлар ва нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 1,5 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш мумкин. Деҳқонобод калий заводи қувватини 365 минг тоннадан 600 минг тоннага етказиш имконияти, кичик тоннажли кимё йўналишида эса 830 миллион долларлик 30 дан ортиқ лойиҳавий таклиф бор.
Вилоятга тайинланган лойиҳа менежери ва бошқа масъулларга 20 миллиард долларлик лойиҳалар ва 50 минг иш ўрнини қамраб оладиган уч йиллик дастур тайёрлаш топширилган.
Live
Барчаси