Қашқадарёдаги қишлоққа бориб қолган айиқ отиб ўлдирилди. Бунга ким буйруқ берди? (видео)

Жамият

image

Шу йилнинг 5 апрель куни Қашқадарёнинг Чироқчи туманида аҳоли яшаш ҳудудига бориб қолган Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган қўнғир айиқ ўша куни тунда отиб ўлдирилгани маълум бўлди. Ижтимоий тармоқларда айиқни отишга туман ҳокими буйруқ бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати ҳолат бўйича муносабат билдирди

Маълум қилинишича, 5 апрель куни соат 23:00 ларда айиқ Қумдарёга яқин жойдаги жарликда ҳосил бўлган ғор ичига кириб олган. Бироздан сўнг бу ерда маҳаллий аҳоли тўпланган. Маҳаллий ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўз вақтида тегишли чора-тадбирлар кўрилмаган. 

Айиқ жарликдан тепага чиқишга уринган пайтда Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи А.Б. атрофга йиғилган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида овчи Д.А.га айиққа ўқ узишга кўрсатма берган. Натижада айиқнинг жони узилган. 

“Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари ҳодиса жойига етиб борганида айиқ нобуд бўлган эди”, дейилади хабарда.

Айтилишича, мазкур ҳолат ўрганилиши давом этмоқда. Масъулиятсизликка йўл қўйган ва бунинг оқибатида қўнғир айиқнинг ўлимига сабаб бўлган масъулларга нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўрилади.

Шунингдек, вазирлик ижтимоий тармоқларда тарқалган айиқнинг териси шилиб олингани ҳақидаги фото ва хабарлар ҳақиқатга зид эканини маълум қилди. Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан ҳам ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

айиқ Қизил китоб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг