Қашқадарёда ЙТҲ. Labo юкхонасида бўлган икки киши вафот этди
3-саҳифа
−
28 Ноябрь 2022 6988 1 дақиқа
Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Қашқадарёда Labo ва Isuzu машинаси тўқнашиши оқибатида 2 нафар йўловчи вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Кўкдала туманида соат 09:30 да ҳайдовчи Б.Ш. Labo машинаси юкхонасида одам ташиш қоидаларини бузган ҳолда йўловчиларни миндириб кетаётган вақтда ёқилғи тугаган. Оқибатда транспорт воситаси секинлашган.
Ҳайдовчи автомобилни йўл четига олиб чиқаётганда ортидан келаётган Isuzu автомобили Labo'нинг одамлар бор қисмига қаттиқ зарб билан келиб урилган. Шундан сўнг, иккала юк автомобиллари йўл четига ағдарилган.
Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида Labo автомобилининг юкхонасида бўлган икки нафар йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, беш нафар йўловчилар турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур йўл транспорт ҳодисаси юзасидан вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси томонидан Жиноят Кодексининг 266-модда 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 26 ноябрь куни Андижонда ўнга яқин машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 41 нафар шахс жароҳатланиб, 3 нафар фуқаро вафот этганди.
Live
Барчаси