Қашқадарёда ёш болаларни босиб кетишига оз қолган “автотеррорчи” ушланди (видео)
3-саҳифа
−
11:44 1124 2 дақиқа
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида Damas автомашинасини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ва кўп қаватли уйлар оралаб юқори тезликда ҳаракатланиб, вояга етмаганлар ҳаётини хавф остига қўйган ҳайдовчи ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Аниқланишича, Damas автомашинаси ҳайдовчиси Қарши шаҳри “Чўлқувар” МФЙ ҳудудида жойлашган кўп қаватли бинолар оралаб юқори тезликда ҳаракатланган ҳамда шу ердаги профилактика инспектори ва фуқароларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан вояга етмаганларнинг ҳаётини хавф остига қўйган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, Damas катта тезликда кўп қаватли уйлар оралаб ҳаракатланаётган бўлган, шу вақтда кўчада бир қанча ёш болалар ҳам ўйнаётган бўлган. Автомобиль катта тезликда келаётганда, болалар тор йўлнинг икки четига қочган, бир фуқаро эса сониялар ичида ёш болаларнинг ўйинчоғини четга олиб ўтишга муваффақ бўлган.
Маълум бўлишича, мазкур 21 ёшли “шоввоз”нинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган. У акасининг автомашинасини рухсатсиз олиб кетганини билдирган.
“Акамдан берухсат Damas автомашинасини миниб кетдим. Маҳаллада қўпол равишда тез ҳайдадим. Ёш бола чиқиб қолган экан, кўрмай қолдим. Ёш болалар борлигини ўйламаган эканман. Ўша болаларнинг ота-онасидан минг бор узр сўрайман. Қилган ишимдан пушаймонман. Ўша вақтда стресс ҳолатда эдим. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олмагунимча бошқа умуман машина ҳайдамайман”, деган ҳайдовчи.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-модда (Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 5-қисми, 128-5-модда (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) 2-қисми, 128-10-модда (Йўл безорилиги) 2-қисми ҳамда 135-модда (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги сабабли ҳайдовчига нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Malibu 2 ҳайдовчиси бирйўла 8 нафар пиёдага йўл бермай, уларнинг ҳаётига хавф солган ҳолда йўл безорилигини содир этган эди.
Live
БарчасиИсроил дрони Ғазода автомобилга зарба берди
13 сентябр