Қашқадарёда таксист вояга етмаган йўловчи қизга жинсий тажовуз қилди
3-саҳифа
−
05 Ноябрь
18271Қашқадарё вилоятида таксист йўловчи қизга жинсий тажовуз қилди. Бу ҳақда “Nemolchi” лойиҳаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 октябрь куни вояга етмаган қиз дугонаси билан сайр қилиб, таксида уйига қайтмоқчи бўлган. Йўл-йўлакай такси ҳайдовчиси қизга турли шахсий саволлар беришни бошлаган, кейин белгиланган маршрутни ўчириб қўйган. Таксист қизнинг “қаерга кетяпмиз” деган саволига жавобан уни сайр қилдиришга қарор қилганини айтган. У қизни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, машинани тўхтатган, қизнинг телефонини олиб қўйган ва жинсий тажовуз қилган.
“Мен имкон қадар баланд овозда қичқирдим, шунга қарамай, у ҳаракатларини тўхтатмади. Менинг қаршиликларимга жавобан у бироз ўзини тутиб олди. Шунда мен ундан менга тегмаслигини, дуч келган жойда тўхтатса, ўзим уйимга етиб олишимни сўрадим. У мени шаҳаргача олиб бориб қўйишини айтди. Шаҳарга яқинлашганимизда у менга телефонимни қайтариб берди ва дўст бўлиб қолишимиз кераклигини билдирди”, дейди фуқаро.
Жабрланувчи воқеа ҳақида зудлик билан ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бериб, эркакнинг автомобиль рақамини маълум қилган.
“Жабрланувчи процессуал нормалар талабига кўра, ариза ёзиш учун яна ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига мурожаат қилган, аммо улар ариза ёзишга ҳожат йўқлигини айтиб, қизни яна уйига жўнатган. Воқеа содир бўлганига ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилинганига 10 кун бўлди. Ҳужум қилган шахс ҳали топилмаган, жабрланувчининг баёноти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қабул қилинмаган, суд-тиббий экспертиза ҳам тайинланмаган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда машинасига чиққан йўловчи аёлнинг қадди-қоматини таърифлаб, шилқимлик қилган ҳайдовчи 5 суткага қамалганди. Ҳужжатда қайд этилишича, жабрланувчи аёл 2023 йил 11 ноябрь куни соат 17:20 да Тошкент шаҳри Чилонзор тумани, "Халқлар дўстлиги" саройи олдида таксига ўтирган. Йўл давомида ҳайдовчи Х.О. (1994 йилда туғилган) аёлнинг қадди-қоматини "мадҳ этиб", унинг сонидан ушлаб олган ва турли беҳаё гапларни гапирган. Аёл Х.О.нинг гапларини ёзиб олганини билдириб, суддан унга қонуний чора кўришни ва маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.